Камчиликлар кўрсатилиб, топшириқлар берилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Тахтакўпир туманидаги янги лойиҳалар ва фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш борасидаги ишларнинг бориши билан танишди.
Республикамиз раҳбари дастлаб Қораўй овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «KAUSAR TEGIRMON» МЧЖнинг Чорвачилик лойиҳаси бўйича амалга оширган ишлари билан танишди. Таъкидлаш жоизки, ушбу жамият аъзолари томонидан 2025 йил давомида умумий қиймати 32,0 млрд.сўмлик чорвачиликни ривожлантириш ва сутни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Бугунги кунда чорвачилик комплексига 120 бош наслли қорамоллар олиб келиниб, парваришланмоқда.
Шунингдек, мазкур корхонада умумий қиймати 878,0 минг долларлик «Жунни қайта ишлаш» лойиҳаси доирасида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш жараёнлари, технологик ускуналар ва маҳсулот тайёрлаш босқичлари кўздан кечирилди.
Шундан сўнг Жўқорғи Кенгес Раиси ушбу ҳудудда жойлашган ўз маҳсулотларини Германияга экспорт қилаётган «Good Salt production» МЧЖ томонидан ташкил этилган «Ош тузини ишлаб чиқариш» корхонасида бўлиб, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши, ишлаб чиқариш қувватлари ва яратилган иш ўринлари билан яқиндан танишди.

Сўнгра А.Оринбаев Тахтакўпир посёлкасида ташкил этилган кичик саноат зонасида бўлиб, ушбу ҳудудда фаолият юритаётган «Фром Мебель» хусусий корхонаси томонидан ташкил этилган «Мебель ишлаб чиқариш» цехи, Давқара ҚФЙ ҳудудида «Тахтакўпир Голд Текстиль Маҳсулотлари» МЧЖ томонидан ташкил этилаётган тўқимачилик лойиҳаси билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 129-сонли фармонига асосан ушбу инвестиция лойиҳаси учун 4,5 гектар ер майдони ажратилди. Умумий қиймати 25,4 млн АҚШ доллари бўлган лойиҳага мувофиқ йилига 5 минг тонна ип йигириб чиқарилиб, йилига 11,1 млрд. сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган ва янги объектнинг тўлиқ ишга тушиши натижасида 257 янги иш ўрни яратилади.
Шу билан бир қаторда, ташриф давомида республикамиз раҳбари томорқа ер эгалари, ўрмон хўжалиги ходимлари ва фермерлар томонидан амалга оширилаётган ишларни ҳам кўздан кечириб, Ўзбекистон МФЙ ҳудудида яшовчи Н.Файзуллаев, Н.Аметов, Ў.Темирбеков ва Айдин йўл МФЙда яшовчи М.Давлетяровларнинг хонадонида бўлиб, томорқа ер эгаларига ҳормасин айтиб, уларнинг озгина ердан мўл даромад олаётганига миннатдорчилик билдириб, бошқалар ҳам ушбу фуқароларнинг тажрибаларини яқиндан ўрганиш кераклигини таъкидлади.
Тахтакўпир тумани ўрмон хўжалиги бўлганида экин ер майдонлари кўздан кечирилиб, кузги дарахт экишга ерларни ва кўчатларни тайёрлаш, ишларни уюшқоқлик билан олиб бориш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
А.Адилов ҚФЙ ҳудудидаги Торангил-сой ва Атакўл ҚФЙ ҳудудида жойлашган «Тайимбет» фермер хўжаликларида эса, қишлоқ хўжалиги соҳасида сувнинг ортиқча сарфланишининг олдини олиш, ҳосилдорликни ошириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича бўйича бу ишлар тизимли равишда давом эттирилиши кераклиги таъкидланди.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Тахтакўпир туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.


Йиғилишда дастлаб амалга оширилаётган ишлар бўйича ўрганишлар натижалари, тумандаги инвестиция лойиҳалари, ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг оилаларида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, ободонлаштириш ишлари ва иқтисодий кўрсаткичлар чуқур таҳлил қилиниб, йўлларни таъмирлаш, ижтимоий объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бўйича дуч келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, қишлоқ-ҳудудларда фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, уй шароитида ўзини-ўзи банд этилишига яқиндан ёрдам бериш, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредит маблағларини ажратиш каби муҳим ишлар танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқилди.
Йиғилишда ўз вазифасини бажаришда хато-камчиликларга йўл қўйгани учун Тахтакўпир тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шунингдек, айрим раҳбар ва мутасаддиларга интизомий жазо чораси қўллаш, ўз вазифасига совуққонлик билан қараганларнинг лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан таъкидланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилот ва масъулларга аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги