Зеленский: Узоқ масофали қурол ишлаб чиқариш бўйича келишув тайёрланмоқда

Президент Владимир Зеленский Украинада Европа Иттифоқи маблағи ҳисобидан узоқ масофага учувчи қурол ва дрон ишлаб чиқариш бўйича битим тайёрланишини маълум қилди.
– Европадаги ҳамкорлар билан яқин келажакда Украина иқтисодиётига сармоя киритиш учун ҳозирданоқ янги келишув тайёрлаяпмиз, – деди Зеленский ижтимоий тармоқда эълон қилган видеомурожаатида. – Биринчи навбатда учувчисиз ва узоқ масофага мўлжалланган қурилмалар, яъни зарба берувчи дрон, тутувчи, қанотли ракета, Украина баллистикаси яратиш назарда тутилади.
Зеленский 2024 йил август ойи охирида Украинада ишлаб чиқарилган биринчи баллистик ракета синовдан ўтказилганини эълон қилган, лекин қайси тоифага тегишлилигини аниқ айтмаган. Кейинроқ Президент идораси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк янги Украина баллистик ракетасининг парвоз масофаси 600-700 километр эканини таъкидлаган.
“Махсустехноэкспорт” давлат корхонаси директори Алексей Петров кейинроқ баллистик ва қанотли ракета ишлаб чиқариш 2025 йил ўрталарида бошланишини қўшимча қилди.