Россия – Украина учрашуви қаерда ўтади?

202

Россия ва Украина вакилларининг тинчлик ташаббуси муҳокама қилинадиган навбатдаги учрашуви Женевада кечиши мумкин, деди АҚШ Президентининг Украина бўйича вакили Кейт Келлог “Фокс Ньюс” телеканалига берган интервьюсида.

– Фикримизча, кейинги учрашув Женевада ўтиши эҳтимоли бор, – деди у. – Биз тадбирни Ватиканда ўтказиш истагида эдик ва бунга, деярли, тайёр ҳам эдик. Афсуски, россияликлар бу ташаббусга қарши чиқишди. Шу боис муқобил манзил – Женева.

Украина делегацияси билан Истанбулда кечган учрашувдан сўнг Россия томони Киев билан музокарани давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Владимир Зеленский Трамп билан телефон орқали суҳбатдан сўнг Швейцария ва Ватикан бевосита музокара манзили сифатида кўриб чиқилаётганини айтди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров аввалроқ Ватикан икки православ давлат учрашувига мезбонлик қилиши ноқулай ва бироз “нотўғри” бўлиши, масалани католик платформасида муҳокама қилиш сценарийси ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаган.

Сўнгги хабарларга қараганда, куни кеча Украина томони АҚШга РФ билан можарони ҳал қилиш бўйича, аниқроғи фақат ўт очишни тўхтатишга тегишли таклифларини етказган. Киев қолган мавзуларни бевосита музокара давомида муҳокама қилиш кутилаётганини билдирган.

Хусусан, кеча Зеленский идораси раҳбари ўринбосари Игорь Брусило Украина телевидениеси эфирида чиқиш қилиб, жумладан, шундай деди:

– Америка Украинадан ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифларни олди. Музокара даврасига ўтириш имконини берадиган бу ташаббус шартсиз амалга ошиши керак. Кейинги босқичлар, масалан маҳбусларни алмашиш жараёни мулоқот давомида таҳлил этилади.

Бундан ташқари Брусило Украина Қрим, ДХР, ЛХР, Запорожье ва Херсон вилоятлари қонуний тан олинишини қабул қилиб бўлмаслигига эътибор қаратган.

С.Раҳимов, ЎзА