АҚШ ва Россия вакилларининг даҳанаки жанги

204

АҚШ Президентининг Украина бўйича махсус вакили Кейт Келлог Россиянинг собиқ Президенти, РФ Хавфсизлик кенгаши бошлиғи ўринбосари Дмитрий Медведевнинг баёнотига изоҳ берди.

Медведев Трампнинг Владимир Путин “олов билан ўйнашяпти” мазмунидаги баёнотига жавобан “Учинчи жаҳон уруши юз бериши мумкинлиги”ни иддао қилган.

Келлог Медведевнинг изоҳини “бепарволик” деб ҳисоблади.

– Трампнинг Россия билан яхши воқеалар содир бўлмаслиги ҳақидаги чиқиши тўғрисида гапирадиган бўлсак, мен бир хунук оқибатни биламан, – деб ёзган рус мулозими ижтимоий тармоқда. – Бу ҳам бўлса, учинчи жаҳон уруши. Ўйлашимча, Трамп буни тушунади.

Келлогнинг жавоби эса қуйидаги мазмунни беради:

– Дмитрий Медведевнинг Учинчи жаҳон уруши қўрқувини уйғотишга қаратилган муваффақиятсиз, бепарво шарҳи ҳозирги замонга мос келмайди. Президент Трамп урушни тўхтатиш, хунрезликни тугатиш устида ишлаяпти. Биз бир ҳафта олдин ваъда қилинган меморандумни кутяпмиз. Оловни дарҳол тўхтатинг!

Умуман, Трамп россиялик ҳамкасбини сўнгги кунларда бир неча бор танқид қилди.