Мақсад – иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ватанпарвар ва баркамол авлодни шакллантириш

144

Сенат ялпи мажлисида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш масаласига эътибор қаратилди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева Президентимиз томонидан мактаб таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича белгилаб берилган вазифалар, кўзланган мақсад ва марралар умуммиллий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шу маънода уларнинг тўлақонли амалга оширилишида нафақат тегишли вазирликлар, балки ҳар биримиз масъулмиз. Айниқса биз, сенаторлар, қолаверса маҳаллий кенгашлар депутатларидан катта масъулият талаб қилинади.

Мақсад ёшларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва, энг асосийси, ватанпарвар ва баркамол авлодни шакллантиришдан иборат.

Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт, санъат, фан ва технологияга кенг жалб қилиш зарур, умуман олганда, ёз мавсумида бирорта ҳам таълим маскани бўш турмаслиги керак. Қабул қилинган тегишли ҳужжатлар ижроси бўйича масъул вазирлик ва идоралардан масъулият талаб қилинади.

–Сиз-у бизнинг вазифамиз қўйилган вазифалар ҳудудларда, тегишли соҳа ва тармоқларда ўз вақтида ва лозим даражада бажарилиши, кутилган натижаларга эришилишини назорат қилиш, қолаверса, бу ишларда фаол иштирок этишдир. Масъул қўмиталар, доимий комиссиялар ҳамкорликда мунтазам ўрганишлар, таҳлиллар, муҳокамалар (эшитувлар, сўровлар) ўтказиб боришлари зарур, – деди Сенат Раиси.

Н.Абдураимова,

ЎзА