Фуқаролар ўртасидаги айрим келишмовчиликлар судга қадар ҳал этилишига хизмат қиладиган қонун маъқулланди
Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни барпо этиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу ислоҳотлар натижасида Конституцияда ҳам инсон, хусусан, жабрланувчи ҳуқуқлари кафолатлари белгиланган.
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Мажлисда бугунги кунда айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар ижтимоий аҳамиятини йўқотгани ва сони кескин камайгани қайд этилди. Шу билан бир вақтда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир нечта моддасида айни бир маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланган. Шу боис, ушбу қонун уларни мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ушбу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга айрим ҳуқуқбузарликлар учун қилмишнинг хусусиятидан, жазолашдан кўзланган мақсадга эришиш учун етарлилик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда маъмурий жавобгарликни бекор қилишга қаратилган тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, айни бир қилмиш, яъни тамаки маҳсулотини белгиланмаган жойларда истеъмол қилиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддаларида назарда тутилган жавобгарлик алоҳида модда (561-модда)да акс эттирилмоқда.
Бундан ташқари, кодекснинг айрим моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишларни кўришга жабрланувчининг аризаси бўлган тақдирдагина йўл қўйилиши белгиланмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бошқа моддаларига ҳам юқоридаги ўзгартириш ва қўшимчалардан ҳамда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастуридан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайиши, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик принципига амал қилиниши таъминланиши ҳамда масъул давлат органлари иш юкламасининг камайиши, фуқаролар ўртасидаги айрим келишмовчиликлар судга қадар ҳал этилишига хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА