Аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган чоралар ҳаётга татбиқ этилиши сенаторлар назоратида бўлади

153

Сенат ялпи мажлиси давом этмоқда. Мажлисда Сенат Раиси Танзила Норбоева Президентимиз бошчилигида жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида муҳим ўзгариш ва янгиланишлар кечаётганини қайд этди.

– Аҳоли учун энг яқин ижтимоий соҳалар, яъни таълим ва соғлиқни сақлаш масалаларига давлат раҳбари даражасида доимий эътибор қаратиб келинаётгани – ижтимоий давлат тамойилини ҳаётга татбиқ этишда муҳим омил бўлмоқда, – деди Т.Норбоева. – Мазкур соҳаларни бугунги кун талаблари асосида ривожлантириш, долзарб муаммоларга тизимли асосда ечим топиш масалалари бўйича шу ойнинг ўзида Президентимиз ҳузурида алоҳида йиғилишлар ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб муаммоларга эътибор қаратилиб, бу борада маҳаллалардаги бирламчи бўғинни ислоҳ қилиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Эндиликда аҳоли оилавий шифокорни эркин танлаши, бунда хусусий шифокорлар ҳам жалб этилиши, тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакети тасдиқланиши ва унинг доирасида тиббий хизмат ва дори воситалари тўлиқ бюджетдан қопланиши – маҳаллаларда тиббий хизмат сифатини янги, замонавий босқичга олиб чиқиш билан аҳамиятли.

Бирламчи бўғинда барча шифокор ва ҳамширалар фақат тўлиқ ставкада ишлаши, аёллар ва болалар шифокорлари сони кўпайтирилиши, соҳа вакилларининг маошлари ва моддий рағбати сезиларли даражада оширилиши – тизимда масъулият ва интизомнинг кучайишига хизмат қилади.

Айниқса, болалар саратонига қарши курашиш чоралари кескин оширилиши, бу борада беш йиллик дастур ишлаб чиқилиб, 110 миллион доллар маблағ йўналтирилиши – болалар саломатлиги масаласи Президентнинг доимий эътиборида эканини амалда яна бир намоён этди.

Ногиронликни белгилашда шифокорлик-маслаҳат комиссияларининг тугатилиши соҳада коррупция омилларини бартараф этиш йўлидаги муҳим қадам бўлиши, шубҳасиз.

-Сир эмас, бугунги кунда тиббиётдаги энг оғир масалалардан бири  – бу дори дармон масаласи. Президентимиз юртимизда самарадорлиги исботланмаган дорилар кириб келаётгани (импорт қилинаётган дориларнинг 42 фоизи), бироқ, шифокорлар уларни тавсия этаётгани сабабли аҳоли истеъмол қилиб келаётганига алоҳида эътибор қаратди. “Самарасиз ёки самараси ўрганилмаган”, деб топилган воситаларни даволаш жараёнларидан чиқариб ташлаш, тиббиёт муассасалари, биринчи навбатда, болалар шифохоналарида антибиотикларни асосли қўллаш бўйича тафтиш ўтказиш бўйича қатъий вазифа қўйдилар. Шифокор кадрлар тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш бўйича ҳам шаффоф ва институционал ёндашув жорий этилиши яқин ва ўрта истиқболда соҳани профессионал кадрлар билан таъминлашга замин яратади, – деди Сенат Раиси.

Аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган, халқимиз кутган бу каби чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилиши сенаторларнинг доимий эътибори ва назоратида бўлади.

Норгул Абдураимова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА