Сенат: ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатишга доир умумий талаблар белгиланмоқда

137

Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, соҳага ишлаб чиқаришнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш, ахборот-коммуникация технологиялари ва илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бироқ, ҳозирги вақтда ҳайвонларни идентификация қилиш ишлари тўлақонли амалга оширилмаётгани уларда хавфли юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш тадбирларини ўтказиш ва эпизоотик барқарорликни кафолатли сақлаш имкониятини чекламоқда. Идентификация жараёнлари рақамлаштирилмагани, маълумотлар базаси марказлаштирилмагани натижасида ҳайвонларнинг аниқ ҳисобини юритишдаги муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда.

Сенат ялпи мажлисида “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида мазкур жиҳатлар қайд этилди.

Ана шу муаммоларга барҳам бериш мақсадида ишлаб чиқилган қонунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланмоқда.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари  ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдукаримованинг қайд этишича,  қонунда ваколатли давлат органи вакилининг ҳамда ҳайвон эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда. Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатишга доир умумий талаблар ҳамда муддатлар белгиланмоқда.

Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш бўйича тадбирларни ташкил этиш, электрон ахборот тизимини мувофиқлаштириш ва реал вақт режимида электрон ахборот алмашинувини таъминлаш Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш марказининг ваколати этиб белгиланмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун билан ҳайвонларнинг ҳисоби, уларнинг насли ва соғлиғи тўғрисидаги ягона электрон базаси шаклланади. Ҳайвонларнинг сақланиши ва ҳаракатлари (миграцияси) тартибга солинади ҳамда доимий мониторинг қилиш тизими яратилади. Ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликларга тўлиқ профилактик эмланишига эришилади. Натижада ҳайвонларнинг турли юқумли касалликларга чалиниши ва нобуд бўлишининг олди олинади. Республикада эпизоотик ва эпидемик барқарорлик таъминланади.

Н.Абдураимова,

Н.Ҳайдаров (сурат),

ЎзА