Нукусда полвонлар жаҳон ва Осиё чемпионлиги учун беллашади

Уч минг йилдан зиёд тарихга эга бўлган миллий белбоғли курашимиз бугун халқаро спорт майдонларида ўзининг томошага бой завқи билан кўзга ташланмоқда.
Кўп асрлар давомида ўзида мардлик, ҳалоллик, жасорат каби фазилатларни мужассам этган белбоғли кураш 2017 йилда Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Ёпиқ иншоотлардаги ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинлари дастурига киритилди. Ўтказилган мазкур Осиё ўйинларида белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари мамлакатимиз спорт делегацияси ҳисобига энг кўп медалларни тақдим этди. Бундан ташқари, 2019-2023 йилларда Олмалиқ, Жиззах, Қўқон ва Наманган шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун белбоғли кураш бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпионатлари юқори савияда ўтказилгани, ушбу спорт турининг бутун дунё бўйлаб кенг оммалашаётганидан далолат беради.
Жорий йилнинг 28-31 май кунлари Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун спортнинг Белбоғли кураш туридан ўсмирлар ва қизлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпионати мусобақалари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Осиё белбоғли кураш конфедерацияси, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган Осиё чемпионатида Ҳиндистон, Россия, Туркия, Грузия, Индонезия, Арманистон, Венгрия, Швейцария, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби 20 дан ортиқ давлатдан кучли полвонлар иштирок этиши кутилмоқда.
Нукус шаҳар 2-сонли спорт мактабининг мажлислар залида 29-31 май кунлари спортнинг белбоғли кураш тури бўйича Осиё ва Жаҳон чемпионатининг ўтказилиши, чемпионатга тайёргарлик кўриш ва юқори даражада ўтказилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Халқаро белбоғли кураш федерацияси президенти Хабир Хабибулин, Осиё белбоғли кураш федерацияси президенти Мўмин Муратов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Еркинбай Қутибаев ва ёшлар миллий терма жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Турғунполатовлар иштирок этиб, мусобақани ўтказиш тартиби, мусобақа иштирокчилари, асосий мақсад ва вазифалари бўйича кенг тушунчалар бериб ўтилди.
– Бундан икки йил аввал белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпионатини ўтказиб, унда ғолиб бўлган полвонларни терма жамоага таклиф қилдик ва мусобақага пухта тайёргарлик кўрдик, – дейди ўсмирлар бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Турғунпўлатов.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

Маълумот сифатида айтиб ўтадиган бўлсак, 29 май куни бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ўғил болалар белбоғли курашнинг эркин йўналишида -45,-50, -55, -60, -65, -65, -71, -77, -85, -95 ва +95 кг вазн тоифалари бўйича куч синашса, қизлар -44, -48, -52, -57, -63, -70, +70 кг вазн тоифасида беллашувларга киришади.
30 май куни ўтказиладиган Осиё чемпионатида эса, ўғил болалар -45,-50, -55, -60, -65, -65, -71, -77, -85, -95 ва +95 кг вазн тоифалари бўйича курашса, қизлар -44, -48, -52, -57, -63, -70, +70 кг вазнда ғолиблик учун курашади.
Ушбу нуфузли мусобақада, қорақалпоғистонлик 6 полвон жаҳон, 20 полвон Осиё чемпионлиги учун юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Барча кураш мухлисларини мусобақани келиб томоша қилишга таклиф қилиб қоламиз. Сабаби, «минг эшитгандан, бир кўрган яхши» деганидек кураш мусобақаларини келиб томоша қилганга нима етсин.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси