Ислом маданияти – инсон ҳаётининг барча жабҳаларини ёритувчи юксак тафаккур ва одоб мактаби

Хабар берганимиздек, бугун Самарқанд шаҳрида “Ислом дунёсининг маънавий мероси ва маданий ифодалари: хаттотлик, мусиқа, шеърият ва ҳамжиҳатлик” мавзуида халқаро форум ўтказилди.
Ислом дунёси таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ICESCO) томонидан 2025 йилда Самарқанд шаҳри “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши ва шу муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирлар доирасида ўтказилган анжуманда ICESCOга аъзо давлатлар маданият вазирлари, халқаро ташкилот ва муассасалар масъуллари, шунингдек, Туркия ва Россиядан юқори даражадаги расмийлар иштирок этди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков бугун инсоният инсоний қадриятлар таназзулининг даҳшатли даврини бошдан кечираётганини таъкидлади.
– Одамлар энг хавфли таҳдид – антимаданият эпидемияси билан юзма-юз турибди – деди О.Назарбеков. – Бу жамиятни ичидан емираётган, инсон маънавияти ва маданиятига қарши йўналтирилган жиддий хавф деб ҳисоблайман. Ислом маданиятининг асрлар оша ўзгармай келаётган қадриятлари айнан шу фалокатли вазиятда инсониятни қутқариш учун ягона ишончли йўл. Ислом маданияти – бу шунчаки диний ақидалар тўплами эмас. Бу – инсон ҳаётининг барча жабҳаларини ёритувчи юксак тафаккур ва одоб мактабидир. Таъкидламоқчиманки, айнан шу нуқтада ICESCOнинг аҳамияти ёрқин намоён бўлади.
Ўзбекистон маданият вазири ўз нутқтида ICESCO билан ҳамкорликда амалга оширилиши зарур бўлган бир қатор таклифларни билдирди.
Жумладан, мазкур ташкилот билан ҳамкорликда номоддий-маданий мерос ва маданий туризм соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, ICESCOнинг таълим дастурларида Ўзбекистоннинг маданият ва санъатга ихтисослаштирилган таълим муассасалари вакиллари иштирокини доимий асосда таъминлаш ҳамда таълим муассасалари учун грантлар ажратиш, Ўзбекистонда исломий санъат, каллиграфия, миниатюра, мусиқа ва театр санъатига оид қисқа муддатли курслар, таниқли олимлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этиш ташаббуслари билдирилди.
Шунингдек, Марокаш қироллигининг Работ шаҳрида Самарқанд шаҳри 2025 йилда Ислом дунёси маданияти пойтахти тадбирларининг ёпилиш маросимини ҳамда унинг доирасида кўргазма ва концерт дастурини ташкил этиш таклиф қилинди.
Анжуман қатнашчилари бу таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватладилар.
ICESCO бош директори Салим бин Муҳаммад Ал-Малик форумдаги ўз нутқида бутун дунё Самарқандни илм бағрикенглик ва гўзаллик маркази сифатида тан олиши, шунинг учун ҳам бу шаҳар 2025 йилда “Ислом дунёси маданият пойтахти” деб эътироф этилганини таъкидлади.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва алоҳида эътибори туфайли Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилиши билан Ўзбекистон ислом маданиятининг фахри бўлди, – деди Салим бин Муҳаммад Ал-Малик. – Бу марказ адабий равишда ўзликни сақлайди, нақафат ўзбек халқи, балки бутун ислом оламининг ноёб меросини жамлайди, улуғ алломаларга бешик бўлган, уларнинг қадами теккан заминнинг шон-шуҳратини дунёга намоён этади.
Форум давомида маданият вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари Ислом дунёсининг маънавий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, келгуси авлодларга етказиш юзасидан ўз фикрларини билдирдилар. Бу йил Самарқанднинг ислом дунёси маданияти пойтахти сифатида кўплаб илмий-маърифий, маданий тадбирларга мезбонлик қилиши аҳамиятига эътибор қаратдилар.
Анжуман якунлангач, меҳмонлар Самарқанддаги муқаддас қадамжо ва тарихий-маданий ёдгорликларни зиёрат қилдилар.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари













