Миллий брендларни қўллаб-қувватлаш-давр талаби

Жорий йил 26 май куни Муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган маҳаллий саноатни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида, давлатимиз раҳбари томонидан таъкидланган масалалар ва илгари сурилган ҳар бир ташаббус мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада оширишга, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи долзарб аҳамиятга эга.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг сайловолди дастуридан ўрин олган тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг саноат салоҳиятини ошириш ва ҳудудларни барқарор ривожлантириш каби мақсадларимиз, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган чора-тадбирларда ўз ифодасини топганидан ғоят мамнунмиз. Шулар орасида, айниқса, ушбу йиғилишда Миллий брендларни кўпайтириш, мавжудларини халқаро даражага олиб чиқиш бўйича ҳам янги тизим жорий этилиши белгиланганлиги муҳим аҳамиятга эга.
Миллий брендларни қўллаб-қувватлаш компанияси ташкил этилиб, ушбу компанияга қатор вазифалар, жумладан, хориждан бренд-менежер, дизайнер, маркетолог, пиар-менежерларни олиб келиш, халқаро сертификатга эга, сифатли ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган камида 50 та миллий маҳсулотни танлаб олиш, уларга сифат белгисини бериб, брендини дунёга танитиш учун катта тарғибот кампаниясини амалга ошириш вазифалари юкланаётгани, маҳаллий тадбиркорлар маҳсулотларининг жаҳон бозорига чиқишига, рақобатга киришига, ишлаб чиқарувчиларнинг масъулияти янада ошишига, экспорт ҳажми юксалишига хизмат қилади.
Уйда ишлаб чиқаришдан саноат босқичига ўтиш масаласига эътибор қаратилиб, якка тартибдаги тадбиркорларга 5 кишигача ишчи олиб, мебель ишлаб чиқаришга рухсат берилаётгани, бу ишни бошлаш, кенгайтириш истагида юрган ёш тадбиркорларга 7 йилга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит ажратиш каби эзгу ташаббуслар илгари сурилгани, биз маҳаллий Кенгаш депутатларини хурсанд қилмоқда.
Чунки, аҳолини ана шундай янгиликлардан, яратилаётган имкониятлардан хабардор қилиш ва уларга нисбатан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш асосий вазифамиздир. Келгусида ҳам Президентимизнинг ушбу эзгу ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун астойдил хизмат қиламиз.
Г.Ешмурадова,
Халқ депутатлари Қўнғирот тумани Кенгашининг депутати.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги