Қорақалпоғистон учун дунёга кенг йўл очилмоқда

Муносабат
Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, экологик муаммоларни бартараф этиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича ҳурматли Президентимиз томонидан қатор қарор ва фармонлар қабул қилиниб, шу асосда жойларда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Соҳаларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни оммалаштириш ва ривожланган хорижий давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича қилинаётган чора-тадбирлар борасида ҳам сўнгги вақтларда янги ташаббуслар, янги ютуқларга эришилмоқда.
Шу йилнинг 22 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Президентимизнинг топшириғи билан Бирлашган Араб Амирликларига бориши республикамиз ҳаётидаги катта тарихий воқеалардан бири бўлди десак арзийди.
Муҳтарам Президентимиз ва Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарларининг дўстона муносабатлари ва шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлашга асос бўладиган муҳим учрашуви самарали келишувларга эришилиши билан аҳамиятли бўлмоқда.
Олиб борилган музокараларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Қорақалпоғистон Республикасининг инвестицион салоҳияти, иқтисодий кўрсаткичлари, истиқболли халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бўйича яратилган шароитлар ҳақида тўхталиб ўтиши албатта, хорижий инвесторларни бефарқ қолдирмайди.
Ташриф доирасида «2 Point Zero» компанияси ижрочи директори Марям АлМхеири билан учрашув ўтказилиб, унда компаниянинг молиявий хизматлар, сунъий интеллект технологиялари, муҳим ресурслар, рақамли трансформация ва бошқа йўналишлардаги тажрибалари таъкидланиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистондаги мавжуд конларда ҳамкорликда геологик-қидирув ишларини олиб бориш ва экологик хавфсиз ўзлаштириш, икки мамлакат университетлари ва илмий муассасалари билан биргаликда қўшма тадқиқот марказлари ва кадрлар тайёрлаш дастурларини ташкил этиш, республикамизнинг туризм соҳасида ҳали очилмаган имкониятлардан фойдаланиш масалалари муҳокамаси янги ривожланишларга асос бўлиши аниқ.
Делегация аъзоларининг «Burjeel holdings» ва «Life Pharma» компаниялари вакиллари билан ўтказилган учрашувда етакчи интеграциялашган нодавлат тиббий хизмат кўрсатувчи компаниялардан бири бўлган «Burjeel holdings» вакиллари билан музокаралар олиб борилиб, унда тиббий ёрдам соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, диагностика, профилактика, соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, маҳаллий шифокорларнинг билим-кўникмаларини ошириш бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилиниб, бу ҳамкорликка янги йўналишлар очилишига асос бўлиши аниқ. Бундан ташқари, Қорақалпоғистондаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратони касаллигини эрта босқичда аниқлаш мақсадида мобил маммография ускуналари етказиб бериш ва юқори тажрибага эга мутахассислар билан таъминлаш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Нукус шаҳрида Бирлашган Араб Амирликларининг «Халифа бин Зоид Ол Наҳаён» фонди томонидан 28 миллион доллар донорлик маблағлари асосида «Она ва бола» клиникаси қурилмоқда.
Қорақалпоғистонда ўсадиган, халқаро даражада юқори экспортга эга доривор ўсимликлардан бири бўлган қизилмия илдизини қайта ишлаш ва фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича «Life Pharma» компанияси билан ўтказилган учрашувда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби муҳим масалалар кўриб чиқилиши ва соҳада янги қадамлар ташланиши кутилмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги ушбу муҳим учрашув Қорақалпоғистон Республикасининг гуллаб-яшнашига, конларни биргаликда геологик- қидирув ишларининг янада такомиллаштирилишига, мамлакатимизда тиббиётнинг ривожланишига, Оролбўйи минтақасида яшовчи она ва боланинг соғлом ўсишига, икки мамлакат университетлари ва илмий муассасалари билан биргаликда қўшма тадқиқот марказлари ва кадрлар тайёрлаш дастурларини ташкил этишга, Республикамизда туризм соҳасининг жуда бой имкониятлари мавжудлиги ва ундан фойдаланиш масалаларига салмоқли ҳисса қўшишига ишонамиз. Албатта, буларнинг бари Инсон қадри ҳамма нарсадан устун турадиган юртимизда эришилиши кутилятган янги ютуқларнинг бошланиши.
Оралхон Сапарова, Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги