Спикер: ташрифларда эришилган келишувлар ижросини таъминлашда таъсирчан назорат ўрнатишимиз керак

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис кун тартибидан бир қатор қонун лойиҳалари муҳокамаси ўрин олган.
Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида содир бўлган муҳим воқеаларга тўхталиб ўтди.
— 19-22 май кунлари мамлакатимиз Президенти Венгрия ва Словения давлатларига расмий ташриф билан бўлиб қайтди. Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Кенгайтирилган стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. Ушбу ҳужжат нафақат мавжуд ҳамкорликни мустаҳкамлайди, балки уни изчил ва тизимли равишда кенгайтиришга ҳуқуқий, сиёсий ва институционал асос бўлиб хизмат қилади.

Европа минтақаси билан алоқаларни чуқурлаштиришда Словения алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимиз раҳбарининг Словенияга расмий ташрифи нафақат икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, балки Европа билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Ташриф икки томон учун ҳам манфаатли мулоқотларга бой тарзда ва ҳар томонлама самарали кечди, дейишимиз мумкин. Кун тартибидан ўрин олган масалалар ҳамкорликнинг барча соҳа ва йўналишларини қамраб олгани билан алоҳида аҳамият касб этди. Расмий ташриф давомида икки мамлакат ўртасида Қўшма баёнот қабул қилиниб, бир қатор муҳим соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган битимлар имзоланди.
Олий даражадаги мулоқотларда асосий эътибор иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка қаратилди. Бу мамлакатимиз учун янги бозорларга, технологик ҳамкорликка ва ишбилармонлик алоқаларига кенг йўл очилаётганини англатади.
Шунингдек, ҳар иккала давлатга ташрифлар чоғида парламентлараро алоқалар масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани биз парламент вакиллари учун аҳамиятли бўлди. Барча йўналишдаги алоқаларни мустаҳкамлашда парламентларнинг ўрни муҳим, ҳуқуқий асосларни яратиш лозим бўлади. Шунинг учун ташрифлар давомида эришилган келишувлар ижросини таъминлашда норматив-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш ҳамда таъсирчан назорат ўрнатишимиз керак бўлади, — деди Спикер.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА