Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!

Ватан ҳар биримизнинг ҳаётимиз, тақдиримиз, фарзандлар келажаги, бахти ва истиқболи билан боғлиқ хилқат. Шу сабабли улғайиб келаётган авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларида камолга етказиш долзарб аҳамиятга эга.
Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини янада ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга ёшларимизни юксак ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга оид чуқур мазмунга эга таъсирчан маънавий-маърифий тадбирлар ҳам рўёбга чиқарилмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг тавсияси асосида тайёрланиб, мамлакатимиз бўйлаб кенг намойиш қилинаётган «Ватан манзумаси» адабий-маърифий дастури бу борада муҳим ўринга эга бўлмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида тайёрланаётган ушбу дастурда юксак ватанпарварлик, мардлик ва жасорат, тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, эл-юрт фаровонлиги учун сафарбарлик сингари фазилатлар таъсирчан шаклларда тараннум этилмоқда.
Пойтахтимиздаги «Туркистон» санъат саройида тақдимоти ўтказилган навбатдаги «Ватан манзумаси» дастурида ҳам ана шундай эзгу тушунча ва қадриятлар, ибратли фазилатлар ўзига хос талқинларда акс эттирилди.
«Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!» деган эзгу ғоя асосида тайёрланган бу галги дастур шакл ва мазмун жиҳатдан янада такомиллаштирилиб, кўлами ва қамрови кенгайгани эътиборга лойиқдир.
Тантанали маърифий тадбирда пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи» мажмуасида истиқлол ишларида юртимиз тинчлиги ва унинг сарҳадлари дахлсизлигини ҳимоялаш йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган мард ва жасур ҳарбийларнинг хотирасига бағишланган «Миллат фидойилари» хотира ёдгорлиги ҳамда Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида мардона курашган ҳамда фронт ортида меҳнат қилган ватандошларимизнинг тенгсиз жасоратини мадҳ этувчи «Хотира нури» композицияси барпо этилишининг маънавий ҳаётимиздаги аҳамиятини очиб берувчи жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратилди.
Муҳташам сарой фойесида ташкил этилган ҳарбий қурол-яроғларнинг макетлари, бадиий адабиётлар кўргазмаси тадбир иштирокчилари учун мавзунинг ўзига хос муқаддимаси вазифасини ўтади.
Айтиш керакки, ушбу маърифий дастур аниқ ғоя ва сюжет ҳамда театрлаштирилган бадиий композициялар асосида тайёрлангани билан кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Дастурга узоқ вақт давомида пухта тайёргарлик кўрилди. Ташкилий ва ижодий гуруҳ томонидан жонажон Ўзбекистонимиз, меҳнатсевар халқимизга муҳаббат ва садоқат туйғуси улуғланган, томошабинларнинг маънавий оламини юксалтирадиган таъсирчан шеърлар сараланди. Янги қўшиқлар яратилди. Шеър ва куй-қўшиқларнинг маъно-мазмунини ифодалайдиган, уларнинг таъсирчанлигини оширишга қаратилган мазмундаги видео-лавҳалар суратга олинди.
«Ватан манзумаси» лойиҳасининг бу галги намойиш куни ҳам етиб келди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.
Саҳнага ҳарбий хизматга чақирилган ёш аскарлар ўз сардорлари бошчилигида чиқиб келади. Тадбирнинг ҳаяжонли лаҳзалари иштирокчилар қалбига кўчгани билан диққатга сазовор эди. «Ватан манзумаси» дастуридан ўрин олган куй ва қўшиқлар, саҳна кўринишлари ҳарбий хизматчиларнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан камол топиб, мард ва профессионал аскарларга, чинакам Ватан ҳимоячиларига айланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Кечада Ўзбекистон Қуролли Кучларидаги замонавий ўзгаришлар, «Халқ билан армия – бир тану бир жон» деган эзгу ғоя, кўп миллатлар халқимизга хос ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик туйғуларининг миллий армиямиз ҳаётида ёрқин намоён бўлаётгани чуқур мазмун, бетакрор шеърлар, дилбар қўшиқлар, мўъжизакор рақслар ёрдамида очиб берилди.
Аскарларнинг ҳаяжонли ва масъулиятли ҳарбий фаолияти, дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин топиб бораётган жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигини, чегараларимиз дахлсизлигини муносиб ҳимоя қилиш учун зарур ҳарбий билим ва кўникмаларни, хусусан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, сунъий интеллект асосларини ўрганиши, замонавий қурол-аслаҳаларни бошқариши таъсирчан лавҳаларда намоён бўлди.
Дастур давомида бахшилар томонидан ижро этилган она-Ватанни улуғловчи термалар, буюк аждодларимиз – мард ва жасур саркарда Жалолиддин Мангуберди ва жаҳонгир соҳибқирон бобомиз Амир Темур монологлари, ўзбекона орият ва ғурур тараннум этилган, жадид маърифатпарварларининг юрт тараққиётига эришиш йўлидаги интилишлари акс эттирилган саҳна кўринишлари, таниқли ижодкорлар ва истеъдодли шоирлар ижросидаги шеър ва қўшиқлар, ҳарбий жамоаларнинг чиқишлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари томонидан ижро этилган жанговар чақириқ, «Янги Ўзбекистон Армияси», «Мен посбонман», «Армия ва тарбия» сингари қўшиқлар ва бошқа бир қатор қизиқарли мусиқий-хореографик чиқишлари томошабинлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди. Шунингдек, «Ниҳол» мукофоти совриндори, Саидносир Йигиталиев, истеъдодли хонандалар Шуҳрат Дарё, Ғайбулла Турсунов, Мадина Файзуллаева, Ўтемис Жуманиязов ижро этган миллий ва мумтоз қўшиқлар даврага файз киритди.
Янги тарихимиз саҳифаларида ҳаммамиз доим миннатдорлик билан эслайдиган шундай инсонлар борки, улар мустақиллигимиз ҳимояси йўлида, шарафли хизмат бурчини ўташ чоғида жон фидо этган чинакам қаҳрамонлардир. Устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг ана шундай мард ва жасур, фидойи юртдошларимизнинг азиз хотирасига бағишланган «Барҳаёт ўғлонлар» деб номланган янги шеъри қалбларни ғоят тўлқинлантирди, ҳаяжонга солди.
– Йигит киши қайси соҳада фаолият кўрсатмасин, Ватан ҳимоясини ўз умрининг олий мақсади, ҳаёт шиори, ори, номуси, деб билади, – деди Давлат солиқ қўмитаси Божхона институти курсанти Муҳаммадисмоил Абдуманнонов. – «Ватан манзумаси» деб номланган ушбу бетакрор дастурда бу жиҳатлар ўзининг ёрқин ифодасини топгани билан диққатга сазовордир.
Дарҳақиқат, бетакрор дастур давомида тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Ёзувчилар уюшмаси томонидан «Мард аскарга совға» туркумида нашр этилган янги китобларнинг тақдимоти ўтказилди.
Тадбир давомида саҳналаштирилган дастур иштирокчилари билан залдаги бўлғуси ҳарбийлар, соҳа хизматчилари, талаба-ёшлар ўзига хос яхлитликни ташкил этгани сира муболаға эмас! Бу албатта, «Ватан манзумаси» дастурининг мақсад ва ғоялари эл-юртимиз дилидаги ҳис-туйғуларга ҳамоҳанг эканидан, халқимиз онгу тафаккури, бугунги ва келажак ҳаётимизга дахлдорлик туйғуси юксалиб бораётганидан далолат беради.
– «Ватан манзумаси» адабий-маърифий дастури тақдимоти барчага жуда манзур бўлди, – деди Ички ишлар вазирлиги академияси курсанти Шоҳруҳ Неъматов. – Бу каби маърифий лойиҳалар Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш борасидаги ибратли ишларга янада кўпроқ чорлайди.
«Ватан манзумаси» адабий-маърифий дастури тақдимотида давлат ва жамоат арбоблари, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари, тизимдаги ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, ҳуқуқ-тартибот соҳаси талаба-ёшлари, ижодкор зиёлилар, маънавият тарғиботчилари, илм-фан, маданият соҳаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Мазкур маърифий тадбир пойтахтимизда изчил давом этади. Яқин кунларда «Ватан манзумаси» маърифий дастури Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда, шаҳар ва қишлоқларда, таълим масканларида, маҳаллаларда ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.
Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА

















