Қорақалпоғистонга Мисрдан 660 миллион доллар инвестиция жалб қилинади

Қорақалпоғистон Республикаси делегациясининг Бирлашган Араб Амирликларига амалий ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси кўмагида Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев ва Мисрнинг “Bell Energy” компанияси бошқарув раиси Ҳайсам Ҳусайн ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Амалий руҳда ўтган музокаралар давомида Қорақалпоғистоннинг инвестиция салоҳияти, иқтисодий имкониятлари, шунингдек, қўшма халқаро лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, “Bell Energy” ва унинг бизнес ҳамкорлари ўртасида умумий қиймати 660 миллион долларга тенг бешта ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжатлар нефть маҳсулотлари учун ер ости омборларини қуриш, “Қайрақтош” олтин конини ишлаб чиқиш, чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш, биоэтанол ва авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш учун бамбук плантацияларини яратиш, болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳани ишга тушириш каби қатор йирик ташаббусларни амалга оширишни кўзда тутади.
Томонлар ҳар бир лойиҳа бўйича техник параметрлар ва молиявий шартларни батафсил ишлаб чиқишга келишиб олди.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА