Пойтахтимизда кучли атлетлар ғалаба қозонди

Нукус шаҳрида енгил атлетика бўйича 15-17 ёшли ўсмирлар ўртасида «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

Мусобақада Нукус шаҳри, Хўжайли, Тахиатош, Амударё ва Нукус туманларидан ёш атлетлар иштирок этиб, қатор йўналишлар бўйича ўзаро кескин кураш олиб борди.
Қизиқарли ўтган беллашувларда Нукус шаҳри, Хўжайли ва Амударё туманлари ёшларининг мусобақага пухта тайёргарлик кўрганлиги яққол кўзга ташланди. Хусусан, ядро улоқтириш бўйича ўғил ва қиз болалар ўртасида ҳам амударёлик Дилафруз Юрсинова ва Аҳрор Отахоновнинг қўли баланд келди.


100 метрга қизлар ўртасида тўсиқлар оша югуришда Нукус шаҳридан Айзада Бахитова, 110 метр масофада ўғил болалар ўртасида Хўжайли спорт мактаби тарбияланувчиси Акмал Еримбетов ғолибликни қўлга киритди. Узунликка сакрашда нукуслик Айзада Бахитова яна бир олтин медални ўзиники қилиб олган бўлса, унинг жамоадоши Иззат Йўлдошов ўғил болалар орасида тенгсиз деб топилди.
Баландликка сакраш, уч ҳатлаб сакраш турларида Хўжайли туманидан келган Мийригул Сарсенбаева, Адилхон Каримов ва Бахит Оринбаевлар ғолибликни қўлга киритди.
Найза улоқтириш бўйича эса ўғил болалар ўртасида тақятослик Ғайрат Муратбоев ва хўжайлилик Нигора Қўшмуратовлар олтин медаль соҳибига айланди.
Ўтказилган мусобақа якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланиб, «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритди.



Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси