Кегейлида энг кучли футбол жамоалари тақдирланди

Кегейли туманида спортнинг футбол ва кичик футбол тури бўйича ўғил болалар ва қизлар ўртасида ўтказилган «Давлат хавфсизлик хизмати кубоги» ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими А.Камалов, Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими бошлиғи З.Ботиров, туман прокурори И.Абдуллаев ва спортчи-ёшлар иштирок этди.
Тақдирлаш кечасида сўзга чиққанлар ғолибларни табриклаб, ушбу тадбирлар маҳаллалардаги ёшларнинг саломатлигини ошириш, ёшларимизни оммавий тарзда спортга жалб этиш мақсадида ўтказилаётганини таъкидлади ва энг чаққон, энг кучли деб топилган жамоалар муносиб тақдирланди.
Кичик футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақасида, қизлар ўртасида биринчи ўринни Обод қишлоқ фуқаролар йиғини жамоаси қўлга киритган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар Янгибозор ва Жузимбоғ аҳоли пунктлари жамоаларига насиб этди.
Йигитлар ўртасида эса олтин медални Маданият маҳалла фуқаролар йиғини ёшлари қўлга киритди.
Иккинчи ва учинчи ўринларни «Бахтли» ва «Янгибозор» жамоалари қўлга киритди.
Футбол бўйича ўтказилган мусобақа якунида, оқтубали ёшлар барча рақибларини енгиб чиқиб, кубок соҳибига айланди.




Халқобод ва Маданият МФЙ жамоалари кумуш ва бронза медалларига лойиқ деб топилди.
Мусобақа якунида ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом, медаль, кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, тақдирлаш маросимида Давлат хавфсизлик хизмати кубогида ўйинларни адолатли бошқариб боргани учун ҳакамлар ҳайъати аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси