Эртанги кун учун муҳим ташаббуслар бугундан бошланди

Муносабат
«Президент ташаббуси асосида Қорақалпоғистон делегацияси амалий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига борди» мазмунидаги хабарларни ўтказиб юборган кимса бўлмаса керак, эл-юрт бўлиб хизмат сафари доирасида эришилган келишувлар, инвестиция лойиҳалари ва ҳамкорлик бўйича имзоланган ҳужжатларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Ҳар бири эртанги кун учун муҳим ташаббуслар, бири экология, таълим, илм-фан, қишлоқ хўжалиги, бошқаси тиббиёт, янги технологияларни ривожлантиришга йўналтирилган. Хуллас, биз бу келишув, дўстона учрашувларнинг шунчаки қоғозларда муҳрланиши ёки статистика учун эмас, инсон манфаатлари, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришига ташланаётган дадил қадамлар, деб биламиз.
Шу ўринда Бирлашган Араб Амирликларини шунчаки географик жиҳатдан Осиёда жойлашган, нефт-газга бой, туризм ўчоқларидан бирига айланган локация сифатида эмас, балки Ўзбекистоннинг энг яқин дўсти, елкадоши, яқин ҳамкори сифатида қараш ҳар томонлама ўзини оқлайди, деб ҳисоблаймиз. Сабаби, мамлакатимизда БАА билан ҳамкорликда қилинаётган ишлар, лойиҳалар талайгина, уларнинг ҳар бири икки давлат манфаати учун бирдек хизмат қиляпти. Шундай ҳар икки томонга ҳам қулай, фойда келтирадиган лойиҳалар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев бошчилигидаги делегация аъзолари «2 Point Zero» компанияси ижрочи директори Марям ал-Мхеири билан учрашди. Унда Қорақалпоғистоннинг инвестицион салоҳияти, иқтисодий кўрсаткичлари, истиқболлари халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бўйича яратилган шароитлар ҳақида суҳбатлашилди. Сўнг компаниянинг молиявий хизматлар, сунъий интеллект, рақамли трансформация йўналишида олиб бораётган ишлари бўйича ҳамкорлик таклифлари ўртага ташланди. Айниқса, Қорақалпоғистондаги ер ости конларида геологик қидирув ишларини биргаликда олиб бориш ва экологик хавфсиз ўзлаштириш, икки давлат университетлари, илмий муассасалари билан тадқиқот марказларини очиш бўйича ҳам таклиф, истаклар очиқ тарзда билдирилди.
Албатта, бундай ташаббуслар ҳудуднинг иқтисодий, таълим ва техник жиҳатдан янада ривожланишини таъминлайди, янги инвестиция лойиҳаларининг юртимизга «кириб келиши»га кенг йўл очади. Буни шу юртнинг ҳар бир фуқароси юрак-юрагидан ҳис қилаётгандек, Қорақалпоғистон делегациясининг БААга хизмат сафари кенг муҳокама қилиниб, яхши фикрларга сабаб бўляпти. Буни кўча-кўйда, муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналари, бозорларда тўп-тўп бўлиб, йиғилиб ҳамфикр бўлган одамларнинг сўзлари, кўзларидан ҳам кузатиш мумкин.
Мавзуга оид эълон қилинган контентларнинг тагига ёзилган илиқ «изоҳлар» ҳам фикримизни исботлайди. Демак, янги давр одамлари юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ қарамайди, уларни ўз тақдирлари билан муштарак кўради.
Бугунги кунда экологик жиҳатдан иқлими мураккаб ҳудудлар қаторига кирадиган Қорақалпоғистонда тиббиётни ривожлантириш долзарб масала. Айрим оғир турдаги касалликларга қарши курашиш учун бизга, биринчидан, янада кучли, тажрибали мутахассислар зарур, иккинчидан, замонавий тиббий аппаратлар керак. Олий Кенгаш раиси А.Оринбоевнинг «Burjeel holdings» тиббий хизмат кўрсатиш компанияси вакиллари билан учрашуви тасодифий бўлмаган, бу узоқни кўзлаб қилинган амалий ҳаракат. Сабаби, унда соҳа учун мутахассисларни тайёрлаш, диагностика, профилактика, маҳаллий шифокорларнинг билимини янада такомиллаштириш бўйича тажриба алмашишга келишиб олинди. Айниқса, Қорақалпоғистондаги аёллар орасида учрайдиган кўкрак бези саратони касаллигини эрта босқичларда аниқловчи мобил маммография ускунасини етказиб бериш бўйича ўзаро келишувга эришилди. Бундай қўшма лойиҳанинг мавжудлиги, албатта, инсон манфаати, халқ розилиги учун қилинаётганини яна бир бор исботлайди. Делегация аъзоларининг «Life Pharma» компанияси билан фармацевтика соҳасини ривожлантириш, Қорақалпоғистонда ўсадиган доривор хусусиятга эга қизилмия илдизини қайта ишлаш бўйича лойиҳани амалга ошириш масаласининг кўриб чиқилиши туб-тубида ҳам тупроғи унумдор, ери шифобахш Қорақалпоғистондаги ўсимликлар дунёсидан унумли фойдаланишдек катта мақсад кўзланган. Қалби уйғоқ, кўнгли очиқ ҳар бир инсон бундай узоққа йўналтирилиб олиб борилаётган ҳамкорликнинг моҳиятини чуқур англайди, ҳатто уларга хайрихоҳ ҳам бўлади.
Шундай хизмат сафарининг иккинчи куни ҳам амалий учрашувларга бой ўтганлигининг гувоҳи бўлдик. Унда Олий Кенгаш раиси Аманбай Оринбаев БААнинг Миллий метеорология марказида бўлиб, иқлимий кузатувлар базасини яратиш, қурғоқчилик шароитида ёғин-сочинни модификациялаш технологияларини жорий этиш масалалари бўйича бир неча келишувларга эришди. Сўнг «Халифа бин Зоид Ол Наҳаён» фонди раҳбарлари билан суҳбатлашиб, Нукус шаҳрида барпо этилаётган «Оналар ва болалар маркази»ни тезроқ ишга тушириш бўйича аниқ таклифларини билдирди.
Умуман олганда, Қорақалпоғистон делегациясининг Бирлашган Араб Амирликларига амалий ташрифи давомида ҳудудда чиқиндини қайта ишлаш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, мобил турдаги электр станцияларини қуриш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди. Бир қатор компаниялар билан 660 млн. долларлик келишув имзоланди. Бундай кўламдаги қўшма лойиҳа, ташаббуслар шунчаки айтар оғизга осон, одатда тилимизнинг бир чеккасидан чиқиб кетиши ҳам мумкин. Лекин, ҳеч қачон унутмаслигимиз керакки, ҳар бир ислоҳот, келишув ортида турган шунча меҳнат, уйқусиз тунлар, югур-югурлар бор!
Мухтар Ибрагимов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгеси депутати.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги