«Хайр, бошланғич синф!»

Шу 24 май Нукус шаҳридаги 23-сонли умумий таълим мактабининг 4-«А» синф ўқувчилари учун унутилмас кун бўлди. Сабаби, улар «Хайр, бошланғич синф!» номли байрам тадбирида биринчи мактаб босқичи – бошланғич синфни якунлади.
Синф раҳбари Гулнора Калбаева томонидан ташкил этилган ушбу кечада ўқувчилар шеър ўқиб, рақсга тушиб, саҳна кўринишлари ва жонли қўшиқлар орқали ушбу тадбирга йиғилган ота-оналари, яқинларига катта қувонч улашди.
Тадбир давомида болалар дастлабки устозларига ва ота-оналарига миннатдорчилик билдиришди. Мактаб раҳбарлари томонидан ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди. Уларнинг ютуқлари эътироф этилиб, келгуси таълим босқичида улкан зафарлар тилади.
Бу тадбир ўқувчилар ҳаётидаги муҳим босқичлардан бири бўлиб, уларнинг мактабга бўлган меҳрини янада мустаҳкамлайди. Энди улар янги синфга 5-синфга қадам ташлаш арафасида. Байрам эса қалбларда илиқ хотира сифатида сақланиб қолади.


Бийбисара Жартибаева, ҚДУ 1-курс магистранти.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги