Ўзбекистон-Россия: молиявий очиқликни таъминлаш борасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

293

Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Молия вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик дастури доирасида “Ўзбекистон Республикасида бюджет жараёни ва бюджет маълумотларининг очиқлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш” мавзусида онлайн форматда семинар ташкил этилди.

Тадбирда ҳар икки мамлакатнинг молия соҳасидаги масъул ходимлари, мутахассислари ва экспертлар иштирок этди.

Қайд этилганидек, бюджет жараёни ва бюджет маълумотлари очиқлигини таъминлаш давлат молиявий бошқарувининг шаффофлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу орқали жамоатчилик, мустақил кузатувчилар ва фуқаролар давлат маблағларининг қандай шакллантирилиши, тақсимланиши ва сарфланишини баҳолаш имкониятига эга бўлади. Очиқ бюджет маълумотлари жамиятда ишончни мустаҳкамлайди, масъулиятли бошқарувни рағбатлантиради ва давлат харажатларининг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Семинар доирасида эксперт Антонина Ковалевская “Ўзбекистон Республикасида бюджет маълумотларининг очиқлигини ошириш бўйича йўл харитаси” мавзусида тақдимот ўтказди. Унинг таъкидлашича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан бюджет маълумотлари очиқлигини баҳолаш индексини жорий этиш бўйича аниқ қадамлар ташланмоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқилаётган моделларни маҳаллий шарт-шароитларга мослаштириш, уларни амалиётга жорий этиш ва бу жараёнда мутахассислар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, тадбирда семинарнинг кейинги босқичларида амалга оширилиши режалаштирилаётган вазифалар муҳокама қилинди.

Эксперт Яна Полякова “Субмиллий даражада бюджет ва бюджет жараёнининг очиқлигини ошириш бўйича тавсиялар: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида маъруза қилди. У ўз чиқишида бюджет сиёсатининг асосий мақсади мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш эканини таъкидлади. Шунингдек, у бюджет прогнози тузишдаги ёндашувлар, фискал хатарларни стресс-тестдан ўтказиш ҳамда солиқ имтиёзлари харажатларини бошқариш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Семинар якунида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025-2026 йилларда Халқаро бюджет очиқлиги ташаббусига аъзо сифатида қўшилиши масаласи юзасидан фикр алмашилди.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА