Бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар кучайтирилади

335

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Бюджет ташкилотлари харажатларини молиялаштириш ва бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг “тежамкорлик ва барқарорликни таъминлаш” тамойили асосида бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар янада кучайтирилади.

Қарорда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлардан мақсадли фойдаланиш, бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг харажатлар гуруҳлари ва моддалари бўйича тасдиқланган меъёрлар доирасида харажатларни амалга ошириш, смета-штат интизоми ва харажатларни маблағ билан таъминлашнинг кетма-кетлиги ҳамда уларни тўлаш муддатларига қатъий риоя қилиш;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан фойдаланиши устидан тизимли мониторинг юритиш ҳамда самарасиз фойдаланилган маблағлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадига олиб қўйилишини таъминлаш;

бюджет ташкилотларининг қўшимча даромадлар олиш бўйича фаолияти бюджет маблағлари ҳисобидан бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматлар ҳажмига (сифатига) зарар етказишига йўл қўймаслик белгилаб берилган.

Мазкур қарор билан:

а) Бюджет ташкилотларининг харажатларини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом:

бюджет маблағларидан “тежамкорлик ва барқарорликни таъминлаш” тамойили асосида самарали ва мақсадли фойдаланиш;

бюджет ва смета-штат интизомини мустаҳкамлаш, шу жумладан, бюджет ташкилотларининг молиявий мустақиллиги ва масъулиятини ошириш;

Давлат бюджетидан маблағ олувчиларнинг маблағларни сарфлашлари устидан дастлабки ва жорий назоратни амалга ошириш;

б) Вазирликлар, қўмиталар ва идораларнинг бюджетдан ташкари жамтармаларига йуналтириладиган давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлардан, маъмурий ва молиявий жазолардан ажратмалар миқдорлари:

давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлардан, маъмурий ва молиявий жазолардан ажратмаларнинг турларини тизимлаштириш;

вазирликлар, қўмиталар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига йўналтириладиган ажратмаларнинг миқдорларини белгилаш тасдиқланди.

ЎзА