Ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига кўчириш бўйича давлат хизмати маълум муддатга тўхтатилади
225
Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби мавжуд бўлиб, ота-онадан бири йилнинг исталган пайти фарзанди ўқиб турган мактаб директори номига бир мактабдан бошқасига кўчириш сабабини кўрсатган ҳолда ариза ёзади ва ушбу аризани мактаб директори бир иш куни ичида кўриб чиқади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 июндаги тегишли қарори билан тасдиқланган Маъмурий регламент асосида амалга оширилаётган ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига кўчириш бўйича давлат хизмати жорий йилнинг 26 майидан 31 июлига қадар тўхтатилади.
Мазкур вақт оралиғида электрон платформа (erp.maktab.uz) орқали умумий ўрта таълим муассасаларини янги ўқув йилига ҳамда ўқувчиларни синфдан-синфга ўтказиш жараёни амалга оширилади.
Ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига кўчириш бўйича давлат хизмати 2025 йил 1 августдан давом эттирилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўқувчиларни синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш бепул амалга оширилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА