Ёшларнинг ҳуқуқий онги, маънавий тарбияси оширилмоқда

376

Тўрткўл туманида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва эрта турмуш қуришнинг олдини олиш мақсадида муҳим тадбирлар ўтказилмоқда.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Ахмедова иштирок этиб, тумандаги мактаблар билан самарали мулоқот олиб борди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Мақсад — ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маънавий тарбиясини юксалтириш, уларни нотўғри йўллардан асраш ҳамда келажакка тўғри йўналтиришдан иборат.

Тадбирда мактаб маъмурияти, ўқитувчилар ва психологлар билан ҳамкорликда ёшлар ўртасидаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларга индивидуал ёндашиш ҳамда зарур ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, тўгараклар ва спорт секцияларига жалб этиш орқали уларни зарарли одатлардан йироқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир доирасида ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, савол-жавоблар ва очиқ мулоқот тарзида фикр алмашилди.

Мазкур учрашув ёшларнинг ҳаётга ёндашувини шакллантириш, уларни ижтимоий фаолликка ундаш ва баркамол авлод тарбиясида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги