Сузиш бўйича I Марказий Осиё очиқ чемпионати якунланди

266

Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли «Сув спорти саройи»да сузиш бўйича I Марказий Осиё очиқ чемпионати бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 ноябрдаги «Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2025 йил 13 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Чемпионат Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда мамлакатимиз Сув спорти федерацияси ҳамкорлигида ўтказилди.

Мусобақада «А», «B» ва «C» ёш тоифаларидаги спортчилар иштирок этди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон терма жамоалари вакиллари брасс, баттерфляй, эркин, чалқанча ва комплекс сузиш турларида жами 158 та медаль жамланмаси учун баҳслашди.

Чемпионат якунларига кўра, Қозоғистон терма жамоаси 74 та олтин, 32 та кумуш ва 11 та бронза, жами 117 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон 1 жамоаси 22 та олтин, 42 та кумуш ва 24 та бронза билан (жами 88 медаль) иккинчи ўринни қўлга киритди. Қирғизистон сузувчилари 4 та олтин, 7 та кумуш ва 17 та бронза медаль билан кучли учликни якунлади. Шунингдек, Ўзбекистон 2 жамоаси 2 та олтин, 14 та кумуш ва 32 та бронза, жами 48 та медаль билан тўртинчи ўринни банд этди.

Шу тариқа, якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жавоҳир Тошхўжаев, Алмурод Мамадаминов (сурат), ЎзА