Нукусда Халқаро оила куни муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг намунали оиласи” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш ҳамда шаҳар ва туманлардаги намунали оилаларга “Ибратли оила” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги резолюцияси билан бу сана ҳар йили дунё мамлакатларида халқаро байрам сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Албатта, бундан асосий мақсад давлат ва жамоатчилик эътиборини оилавий қадриятларга ва оила институти билан боғлиқ муаммоларга қаратишдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Оила институтини мустаҳкамлаш концепциясининг тасдиқланиши мамлакатимизда бу йўналишдаги чора-тадбирларни янги босқичга кўтарганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Дарҳақиқат, маҳаллаларда баркамол авлодни тарбиялаш ва камбағалликка қарши курашишда ибратли оилалар кўмакчи бўлиб келаётгани ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Бундай оилалар қанча кўпайса, Ватанимиз шунча кучли, халқимиз шунча қудратли бўлади. Ибратли оила – ибратли ва адолатли жамият учун асос бўлади.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 511 мингдан ортиқ оила яшайди. Ҳар йили ўртача 12-13 минг атрофида янги оила қурилади.
Сўнгги йилларда ҳаётимизга оилавий корхона, оилавий тадбиркорлик, оилавий кредит каби атамалар кириб келди. Иқтисодиётимизни барқарорлаштиришда оилавий тадбиркорликни, оилавий бизнесни йўлга қўйишга ва шу орқали оила фаровонлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Чунки оилалар бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади.

Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан “Ибратли оила” кўкрак нишони таъсис этилиб, ҳар йили уни Халқаро оила кунида ўз эгаларига тантанали равишда топшириш белгиланган эди. 2024 йилда Қорақалпоғистонда 17 оила “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланган бўлса, жорий йилда қарийб 10 баробарга кўпайиб, 168 оила ушбу кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шундай оилалардан бири Бекниязовлар хонадони ҳисобланади. Оила бошлиғи Баҳром Бекниязов Ички ишлар вазирлигида жиноят қидирув бўлими бошлиғи бўлиб ишлайди. Оила бекаси Моҳира Мамутова «Cake Bumer» бренди ва оилавий корхонаси асосчиси. 4 нафар фарзанди бор. Бугунги кунда 100 дан ортиқ иш ўрни яратиб, шунча оилани даромадли ишга жойлаган. Ишчиларининг 80 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Аҳамиятлиси, 30 дан ортиқ хотин-қизни миграциядан оиласи бағрига қайтариб, даромадли иш билан таъминлаган. 10 нафар ёшнинг никоҳ тўйларини ўтказишга кўмаклашган. Ҳозир Нукус шаҳар депутати бўлиб, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам бериб, ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлашга кўмаклашмоқда. Ушбу хонадонга ҳам «Ибратли оила» кўкрак нишони топширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида жорий йилда оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг сабабларини ўрганиш, шу асосда таклифлар ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш мақсадида олимлар ва амалиётчилардан иборат илмий-жамоатчилик кенгаши фаолияти йўлга қўйилди. «Оила» нодавлат нотижорат маркази, 17 та шаҳар ва туманларда «Оила ва хотин-қизлар марказлари» фаолият юритмоқда. Барча маҳаллаларда маҳалла раиси бошчилигида оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари тузилган.

Ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган юксак инсоний фазилат ва қадриятларни ёшларимиз онгига янада чуқурроқ сингдириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бугунги кундаги устувор вазифаларимиздан саналади. Албатта, бундай эзгу ишларни амалга оширишда ҳар биримиз бир оиланинг аъзоси сифатида ўз фаоллигимизни кўрсатолсак, нур устига нур бўларди.

Тадбир якунида танлов ғолибларига “Ибратли оила” кўкрак нишони ҳамда ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.

Давуд Абибуллаев, ЎзА мухбири