«Ҳамкор тадбиркор» дастурининг афзаллиги

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган қарори билан 2025 йилда 2 миллион хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, 250 минг нафар хотин-қизни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, 250 минг нафар аёлни олий таълим билан қамраб олиш, шунингдек 50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизни санаторийларда соғломлаштириш ва уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этишга йўналтирилган асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланди.
Савдо-саноат палатаси 2025 йил 1 майдан бошлаб «Ҳамкор тадбиркор» дастурини йўлга қўяди. Дастур ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлган хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, кооперация асосида хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш, маҳаллий ва халқаро электрон платформаларда хотин-қизларга ўз маҳсулотларини жойлаштириш ва сотишга кўмаклашишни назарда тутади.
«Hamroh» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 2025 йил 1 майдан бошлаб:
- аёлларга «яшил лойиҳалар» ва IT соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишига, шунингдек камида 5 нафар аёлнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган 1 минг нафар «устоз» тадбиркорга 50 миллион сўмгача грант ажратиш ташкил қилинади;
- ижобий кредит тарихига эга бўлган аёлларга 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади;
- аёл-тадбиркорлар томонидан кредит ҳисобидан сотиб олинаётган асбоб-ускуналар етказиб берилгунга қадар «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти кафиллик тақдим этади.
Акциядорлик-тижорат «Халқ банки»га Савдо-саноат палатаси билан биргаликда «Лойиҳалар фабрикаси» платформаси негизида 2025 йил 1 июлга қадар қуйидаги имкониятларга эга «Тадбиркор аёллар» платформасини ишга тушириш топширилди:
- аёл-тадбиркорларга хомашё сотиб олишга кўмаклашиш;
- ўзаро кооперацияни кенгайтириш ва маҳсулотларни сотиш учун бозор топиш;
- зарур мутахассисларни излаш ва ишга қабул қилиш;
- лойиҳалар доирасида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш.
Савдо-саноат палатасининг таклифига кўра, қуйидаги вазифаларни амалга оширувчи Тадбиркор аёллар кенгаши ташкил этилмоқда:
- мунтазам равишда ҳудудларга чиқиб, тадбиркор аёлларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- тадбиркор аёлларнинг илғор тажрибаларини бошқа ҳудудларда оммалаштиришга кўмаклашиш;
- аёллар билан муаммоларни ҳал қилиш ва бизнес ғояларини амалга оширишда манзилли ишлаш;
- тизимли муаммоларни ҳал қилиш юзасидан Ҳукумат ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мунтазам таклифлар киритиб бориш.
Ҳужжат билан аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг яхлит тизимини қуйидаги йўналишларда жорий қилиш кўзда тутилмоқда:
- «Бизнесга илк қадам» – (ССП) бизнес кўникмасига эга бўлмаган ташаббускор аёлларни аниқлаш ва уларни тадбиркорлик асосларига ўқитиш;
- «Бизнесни йўлга қўйиш» – (АТ «Халқ банки» ва бошқа банклар) ўзини ўзи банд қилган аёлларга кичик тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш;
- «Бизнесни кенгайтириш» – («Ҳамроҳ» хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси» МЧЖ) бизнес-режалар ишлаб чиқиш, молиялаштириш ва бозор топиш;
- «Бизнесни юксалтириш» – (ССП) «Чемпион тадбиркорлар» дастури доирасида 50 нафар энг фаол аёл-тадбиркор билан манзилли ишлаб, уларнинг йиллик айланмасини камида 100 миллиард сўмгача етказишга кўмаклашишдан иборат.
Г.Жоллыбаева, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судья катта ёрдамчиси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги