Карантин хизматининг деҳқонларга ёрдами

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Қонликўл тумани бўлими инспекторлари томонидан тумандаги фермер хўжаликларининг ғалла ва ғўза майдонларида фитосанитар мониторинг ўтказилиб, маҳсулотлардан намуналар олинди ва агентликнинг кўчма лабораториясида текширувдан ўтказилди.
Шунингдек, агентлик ва унинг Қонликўл тумани бўлими томонидан кўчма мобил лаборатория ташкил этилиб, туман деҳқон бозорида сотилаётган ўсимлик кўчатлари ва уруғларини сотаётганлар билан суҳбатлашиб, қишлоқ хўжалиги экинлари зараркунандаларига қарши курашиш бўйича тавсияларини берди.
Аввал хабар қилинганидек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг қўшма режасига мувофиқ, экин майдонларида зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш, уларга қарши биологик кураш ишларини жадаллаштириш, интенсив ва анъанавий усулда етиштирилаётган ғўза навларини тарбияси бўйича «Долзарб 30 кунлик» тадбири эълон қилиниб, бу борадаги тадбирлар Қонликўл туманида ҳам давом этмоқда.
Тадбир давомида, Қонликўл деҳқон бозорида сотилаётган полиз маҳсулотлари кўчатларининг фитосанитар тозалигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг зараркунанда ва касалликларини эрта аниқлаш ҳамда тарқалишининг олдини олиш мақсадида мутахассислар томонидан мониторинг ўтказилиб, олинган намуналар асосида кўчма лабораторияда текширилгандан сўнг тегишли хулосалар берилди.
Сўнг агентлик мутахассислари тумандаги таълим муассасаларидаги мевали ва манзарали дарахтларга мониторинг ўтказди ҳамда ўсимликлардан намуналар олиниб, лаборатория хулосалари берилди.
Учраши мумкин бўлган зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилиб, зарарсизлантириш тадбирларини амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Инспекторлар томонидан мавжуд иқлим шароитини ҳисобга олиб, боғ ва токзорларда учраши мумкин бўлган зараркунанда ва касалликларнинг олдини олиш мақсадида доимий равишда мониторинг ишлари ўтказиб келинмоқда. Агентликнинг кўчма лабораторияси билан ҳамкорликда тумандаги Бескўпир ОФЙ ҳудудидаги «Жуман солақай» фермер хўжалиги боғида ҳам кузатув ишлари амалга оширилди. Хусусан, боғда етиштирилаётган маҳсулотлардан намуналар олиниб, агентликнинг кўчма лабораториясида зараркунанда ва касалликларни аниқлаш мақсадида текширувдан ўтказилди.
Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, боғ ёнида 200 тонна сиғимга эга музлатгич бўлиб, бугунги кунда тадбиркор ўзи етиштирган мева ва сабзавот маҳсулотларини ушбу музлатгичда сақлашни йўлга қўйиш орқали тоза ва сифатли маҳсулот етказиб беришга, халқимизнинг дастурхонини йил ўн икки ой давомида тўкин-сочинлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
– Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг фитосанитар лабораторияси 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги вақтда лабораторияда лаборатория мудири, энтомолог, фитофотолог, гербиолог лаборантлар фаолият олиб бормоқда, – дейди агентликнинг фитосанитар лабораторияси бошлиғи Сулыўхан Мадреймова.
Агентлик инспекторлари томонидан жойларда мониторинг ва фитосанитар дала назорати тадбирлари олиб борилади ва улар карантин ости маҳсулотлари мавжуд бўлиши мумкин, деб гумон қилинган тақдирда маҳсулотлардан намуналар олиниб, фитосанитар лабораторияга топширилади.
Президентимизнинг 2018 йил 28 мартдаги махсус қарорига асосан агентлик томонидан карантин тадбирларини амалга ошириш учун зарур бўлган барча жиҳозлар билан таъминланган кўчма лаборатория автобуси ҳам бу борадаги ишларни жадаллаштиришда катта ёрдам бермоқда. Ушбу кўчма лаборатория мамлакатимизда фитосанитар тозаликни таъминлаш, шунингдек, чет элларга карантин остидаги маҳсулотлар экспортини янада ошириш ва ушбу маҳсулотларга ўз вақтида лаборатория ечимини тақдим этишда алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади.
Кўчма лаборатория хизмати орқали ҳатто чегара ҳудудларда ҳам импорт ва экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини карантин текширувларидан ўтказганда зарарланган маҳсулот ҳақида лаборатория хулосасини кўрсатиш имконияти яратилди.
2025 йилнинг шу даврига қадар республикамиздаги барча туман инспекторлари томонидан маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан фитосанитар лабораторияга жами 3132 турдаги намуналар экспертизадан ўтказиш учун топширилди. Шундан, 1044 та намуна энтомология текширувидан, 1044 та намуна фитопатология, 1044 та намуна гербологик текширувдан ўтказилди.

Йил бошидан буён жами 3132 турдаги намуналарнинг белгиланган тартибда лаборатория натижаси ўтказилди. Шаҳар ва туманлар томонидан топширилган 3132 турдаги намуналарга, жами 257 та экспертиза хулосаси берилиб, шундан 13 та ҳолатда зарарли объект аниқланган.
Ўтказилган 3132 экспертиза натижасига кўра, карантин касаллик бўлган 1 та ToBRFV вируси, 12 та намунада унсимон қурт аниқланди.
Бу борадаги тадбирлар жойларда самарали давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги