Ўзбекистон Президенти туркий давлатлар ҳамкорлигини ривожлантиришга доир янги таклифларни илгари сурди

208

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан 19-21 май кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

 Президент Шавкат Мирзиёев 21 май куни Будапешт шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этди.

  Венгрия Бош вазири Виктор Орбан раислигида ўтган тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.

  Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп қиррали алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

  Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида жаҳонда геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатлари кучайиб бораётган бугунги мураккаб вазият шиддат билан ўзгариб бораётганини қайд этди.

  Президентимиз долзарб халқаро муаммоларни ҳал этишда, биринчи навбатда, халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ Низомига таянган ҳолда ташкилот давлатларининг умумий ёндашув ва позицияларини мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.

  Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталар экан, Ўзбекистон етакчиси бу борада ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатиб ўтди ва қатор янги таклифлар билдирди.

  Сиёсий жиҳатдан Ўзбекистон ташаббуси билан Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу ҳужжат халқларимизни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликнинг узоқ муддатли ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

  Президентимиз савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-коммуникациявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Ташкилот мамлакатларининг умумий ташқи савдо айланмасида ўзаро савдо улушини ошириш мақсадида «Турк-трейд» онлайн платформасини яратиш ва Товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича амалий дастур қабул қилиш таклиф этилди.

  Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмининг ўсишини таъминлаш ва божхона-чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари ушбу йўналиш бўйлаб «ягона дарча» ва «яшил йўлаклар» тизимини тез фурсатда жорий этишга чақирди. Бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида жорий йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Туркий давлатларнинг халқаро мультимодал транспорт ва логистика форумини ўтказиш режалаштирилган.

  Давлатимиз раҳбари Туркий инвестиция жамғармаси таъсис этилганини олқишлаб, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Қўшма венчур компанияси ва Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг инвестициявий имкониятларини тақдим этадиган ягона портал ташкил этиш муҳим эканини таъкидлади.

  Саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида кимё, энергетика, тоғ-кон, енгил саноат, фармацевтика, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш тармоқларида йирик ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

  Давлатимиз раҳбари иқлим кун тартибига тўхталар экан, яқинда Самарқанд шаҳрида ўтган Халқаро иқлим форуми давомида «яшил» тараққиёт соҳасида глобал ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилганини мамнуният билан қайд этди. Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Будапешт шаҳрида Қурғоқчиликнинг олдини олиш институтини ишга тушириш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Унинг фаолиятига кўмаклашиш ва мақсадли лойиҳаларга кенгроқ жалб қилиш учун “Қурғоқчилик ва экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича қўшма йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

  Ўзбекистон Президенти фан, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар халқаро университетининг очилиши ташкилотга аъзо мамлакатларнинг таълим дастурларини амалга ошириш ва иқтидорли ёшларни тайёрлашга муносиб ҳисса бўлиши таъкидланди.

  Ўзбекистон етакчиси Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ фаолияти ва тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Туркий маданият жамғармаси кенгашининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди.

  Саммит якунида Будапешт декларацияси, шунингдек, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича бошқа қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

  Будапештдаги Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити доирасида «Туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун» Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни топшириш маросими бўлиб ўтди.

  Бу йил мукофотга таниқли турк биокимёгари, Нобель мукофоти совриндори, Ўзбекистон Миллий университети фахрий доктори Азиз Санжар сазовор бўлди.

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Азиз Санжарни самимий табриклаб, нуфузли мукофотнинг илм-фан арбобига топширилиши туркий дунё олимлари, жумладан, ёшларни янги марраларни забт этишга илҳомлантиришини алоҳида таъкидлади.

  Туркий давлатлар ташкилотининг буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий номидаги мукофоти давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йилда таъсис этилган. У туркий маданиятни тарғиб қилиш, тинчликни сақлаш, хавфсизликни таъминлаш ва ишончни мустаҳкамлаш, шунингдек, туркий халқлар ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга қўшилган алоҳида ҳисса учун ҳар икки йилда бир марта топширилади.

  Мукофот илк бор 2022 йилда қирғиз ёзувчиси ва жамоат арбоби марҳум Чингиз Айтматовга берилган эди.

  Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи якунланди.

  Куннинг иккинчи ярмида Словения Республикаси Президенти Наташа Пирц Мусарнинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга расмий ташриф билан Люблянага келди.

  Самолёт олдида давлатимиз раҳбарини Бош вазир ўринбосари – ташқи ишлар вазири Таня Файон ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

  Йоже Пучник номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.

Ташриф дастурига мувофиқ, 22 май куни Ўзбекистон етакчиси Словения Республикаси Президенти Наташа Пирц Мусар билан музокаралар ўтказади, мамлакат парламенти ва ҳукумати раҳбарияти билан учрашувлар ўтказади, қўшма бизнес форумида иштирок этади.

  Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий шерикликни ривожлантириш, саноат, фармацевтика, электротехника, «яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.

 

ЎзА