Интеллектуал мулк ҳимояси янада кучайтирилади

Жамиятнинг иқтисодий негизини мулк ташкил этади. Шунингдек, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тузилиши ҳам мулк ва унинг кимларга тегишли эканлиги билан белгиланади.
Мулксиз ижтимоий муносабатларни ривожлантиришнинг, мамлакатда аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг имкони йўқ. Бугунги кунда интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳар бир жамият тараққиёти учун муҳим ҳисобланади. Интеллектуал мулк объектига нисбатан мулкдорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Интеллектуал мулк – бу XXI асрдаги энг муҳим активлардан биридир. Уни самарали ҳимоя қилиш механизмларининг мавжудлиги мамлакатнинг технологик ва иқтисодий ривожланишига туртки беради. Бугунги кунда инновациялар, янги технологиялар ва креатив ғоялар иқтисодий тараққиётнинг асосий драйверларидан бирига айланди. Шу нуқтаи назардан, интеллектуал мулк объектларининг самарали муҳофазаси нафақат ижодкорлар, балки бутун жамият манфаатларига хизмат қилади.
Интеллектуал мулк муҳофазасини кучайтириш борасида Ўзбекистон Республикасида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Депутатлар ушбу жараёнда фаол иштирок этиб, қонунчилик асосларини такомиллаштиришга ҳисса қўшмоқда. Интеллектуал мулкни ҳуқуқий жиҳатдан ишончли тарзда ҳимоя қилиш интеллектуал мулк эгаларининг қонуний манфаатларини таъминлаш билан бирга мамлакатнинг инвеститсиявий жозибадорлиги ва халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар сони ва уларни содир этиш усуллари ҳамда кўлами ортиб бормоқда. Бу эса интеллектуал мулк эгаларининг, хусусан, муаллифлар, яратувчилар, ихтирочилар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини самарали ҳимоя қилиш заруратини юзага келтирмоқда.
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо барча давлатлар ўртасидаги халқаро ҳуқуқий шартнома бу Трипс (ТРИПС) битимидир. Ушбу интеллектуал мулк ҳуқуқининг савдога оид масалалари бўйича келишуви Трипс. Трипс келишувининг биринчи моддасида интеллектуал мулк объектлари муҳофазасини таъминлаш ва уни қатъий таъминлаш ушбу қонун лойиҳасини Адлия органлари томонидан Қонунчилик палатасига киритилишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, иккинчи масаламиз, олимлар, илм-фан намояндалари, санъат ва маданият вакилларининг ҳуқуқлари оширилиши, имкониятлари кенгайиши натижасида уларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнларига ҳам эътибор қаратиш бугунги долзарб масаладир. Қолаверса, мазкур қонун билан амалдаги тўртта Кодексга, яъни Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Фуқаролик кодексларига интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу Қонун жамиятда интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларга нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантиришга ва интеллектуал мулк эгаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнларида миллий қонунчиликни Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо жиҳатлари тўғрисидаги битим талабларига уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Мухтасар айтганда, ушбу қонун ҳужжати интеллектуал мулк ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.