Кунжут бўйича янги лойиҳа

Барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини рағбатлантириш, Оролбўйи экотизимини мустаҳкамлаш ва минтақанинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Оролбўйи халқаро инновация маркази Германиянинг GIZ халқаро ҳамкорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг кўмагида “Қорақалпоғистон шароитида кунжут навлари селекцияси ва бирламчи уруғчилигини ташкил этиш” кенг кўламли лойиҳасини амалга оширишга киришди.

Лойиҳанинг асосий мақсади механизациялашган ишлаб чиқариш талаблари ва халқаро бозорлар талабларини ҳисобга олган ҳолда ҳудуднинг агроиқлим шароитларига мос келадиган кунжутнинг юқори маҳсулдор навларини селекция қилишдан иборат. Кунжут таркибида 68 фоизгача ёғ бўлган қимматбаҳо мойли экин бўлиб, унга озиқ-овқат саноатида ҳам, косметологияда ҳам талаб юқори. 1 гектардан 30-35 миллион сўмгача даромад олинади.

Мазкур лойиҳа доирасида дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан Қорақалпоғистонга кунжутнинг 18 та намунаси олиб келинди. Улар асосида янги, чидамли ва серҳосил навларни яратиш бўйича селекция ишлари олиб борилмоқда.

Механизация ёрдамида йиғиштириб олишга яроқли навларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда кўсакларнинг ёрилишига чидамли ва бир текис пишадиган линиялар танлаб олинди.

Лойиҳа ҳам аграр, ҳам иқтисодий жиҳатларни қамраб олиши билан аҳамиятлидир. Халқаро бозорларда талаб юқори бўлган кунжут етиштириш ҳажмини ошириш минтақанинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, инвестициялар ва валюта тушумларини жалб қилиш учун шароит яратади.

Алоҳида йўналишда Қорақалпоғистондаги фермер хўжаликлари ўртасида муваффақиятли тажриба ва технологияларни оммалаштириш кўзда тутилган. Бу иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Довуд Абибуллев, ЎзА мухбири