АҚШ ва Қатар триллион долларлик иқтисодий битим имзолади

242

Оқ уйнинг чоршанба куни тарқатган  хабарига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп Доҳа шаҳрида Қатар билан 1 триллион доллардан ортиқ иқтисодий ҳамкорлик шартномасини имзолади.

– Қатар АҚШдан 96 миллиард долларга 210 та “Boeing 787 Dreamliner” ва “777X” самолётларини сотиб олади, –деди Оқ уй маъмурияти вакили.

Қатар Давлати шунингдек, қарийб 2 миллиард долларга АҚШдан “MQ-9 Reaper” разведка ва зарба берувчи учувчисиз учиш аппаратларини харид қилади.

Шартномага кўра, Қўшма Штатлар биринчи марта Қатарга дронларга қарши курашиш тизимини сотади. Бу келишув қиймати 1 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Керолин Левитт Қатар ҳукумати “Boeing 747-8” самолётини Пентагон фойдаланиши учун топширишни таклиф қилгани, бироқ бу масала ҳали қонуний тасдиқлаш босқичида эканини айтган эди.

С.Раҳимов, ЎзА