Аҳоли таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда

236

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов республикамизга ташрифи доирасида  ҳудудларда иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва турмуш шароитларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Сафар Тахтакўпир туманидан бошланди. Вазир тумандаги «Ўзбекистон» маҳалласида жойлашган Сайхунобод тажрибаси асосида иш олиб бораётган Б.Усақов хонадонида амалга оширилган ишлар билан танишди. Бу хонадонда аҳоли даромадини ошириш ва томорқадан унумли фойдаланиш бўйича инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шунингдек, тумандаги ҳоким ёрдамчилари амалга оширган лойиҳалар билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг «Давқара» маҳалласидаги «Қоратеран» экотуризм мажмуаси бўйлаб амалга оширилган ишларни кўздан кечирди. Бу ҳудудда экологик мувозанатни сақлаш, маҳаллий туризмни ривожлантириш ва аҳолини банд қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.

Ташриф давомида томорқадан унумли фойдаланаётган, оилавий даромадини оширишда фаол иштирок этаётган томорқа ер эгалари билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Улар ўз тажрибаларини ўртоқлашди, мавжуд муаммолар ва ечимлар ҳақида фикр алмашилди. Вазирнинг ушбу учрашувлари одамларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш, ўз меҳнатидан кўпроқ даромад олиш имкониятларини кенгайтириш учун муҳим қадам бўлди.

Вазир республикамизга ташрифи давомида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларни янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, аҳоли таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Кейинги манзил Чимбой тумани бўлди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги