Ўзбекистон ва Туркия ўртасида геология соҳасида ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

253

Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобир Исломов Туркия энергетика ва табиат ресурслари вазири ўринбосари Аҳмет-Берат Чонкар ҳамда Туркиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Уфуқ Улуташ билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Музокаралар давомида томонлар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Туркия минерал ресурсларни тадқиқ қилиш ва  қидириш бош бошқармаси (МТА)

ўртасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, шунингдек, истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. Хусусан, Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, ер қаъри участкаларини аукцион орқали очиқ ва шаффоф тарзда тадбиркорларга таклиф этиш амалиёти ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, учрашувда соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш, соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида ҳам фикр алмашилди.

Очиқ, самарали ва ўзаро манфаатли руҳда ўтган учрашувда томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА