Туманда икки мингдан зиёд хонадоннинг газ таъминоти яхшиланади

280

«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиалининг «Қурилиш монтаж» бошқармаси ва Хўжайли тумани газ таъминоти бўлими томонидан туман ҳудудидаги газ тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича белгиланган режа асосида қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Тумандаги Жанажап овул фуқаролар йиғини истеъмолчилари қишнинг совуқ кунларида газ босими билан боғлиқ муаммога учраётган эди.

– Айни пайтда ушбу ҳудуддаги 1 километр узунликдаги диаметри 159 миллиметрлик газ тармоқларини ер остидан ер устига чиқариб ҳамда қўшимча янгидан узунлиги 1,1 километрлик, диаметри 100 миллиметрлик газ тармоқларини янгидан тортиш ишлари олиб борилмоқда,-дейди Хўжайли тумани газ таъминоти бўлимининг бош муҳандиси Бектурсин Жуматов.

Шунингдек, туман ҳудудидаги Маданият маҳалла фуқаролар йиғини ва Мустақиллик овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги истеъмолчиларни табиий газ билан таъминловчи диаметри 159 мм, узунлиги 1,7 км. бўлган ўрта босимли ер ости газ тармоқларини ер устига чиқариш ишларини ҳам олиб бориб, бу ишлар бугунги кунга келиб якунланиш арафасида.




Тез орада ушбу икки объектдаги қурилиш-реконструкция ишлари якунланса, ушбу ҳудуддаги икки мингга яқин хонадонларнинг газ таъминоти яхшиланиб, энг асосийси газ таъминотидаги техник йўқотишларнинг олди олинади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги