Миланда Ўзбекистоннинг ютуқлари тақдим этилди
Италиянинг Милан шаҳрида бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 58-йиллик йиғилиши доирасида ташкил қилинган “Келгуси мезбон давлат” тадбирида мамлакатимизнинг ислоҳотлар соҳасидаги ютуқлари ва минтақавий ҳамкорликка оид қарашлари тақдим этилди. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев юртимизда илгари сурилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар янада барқарор, инклюзив ва келажакка йўналтирилган давлат қуришга қаратилганини таъкидлади. Шунингдек, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришларга алоҳида тўхталди:
– Биз иқтисодиётни либераллаштириш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти миқдори икки баробар кўпайиб, 100 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон атиги тўрт йил ичида қашшоқлик даражасини 23 фоиздан 11 фоизга туширди. Жорий йил мазкур кўрсаткични 9 фоизгача камайтириш ва 2030 йилга қадар икки баробар қисқартириш вазифаси белгиланган. Шу билан бирга сифатли таълим ва соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, уй-жой шароитини яхшилаш, аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва оғир ҳудудларда инфратузилма барпо этиш кўзда тутилган қашшоқликни қисқартириш комплекс дастури амалга оширилмоқда.


Тадбир сўнгида Ж.Хўжаев барчани 2026 йил қадимий Самарқандда бўлиб ўтадиган Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик мажлисига таклиф этди. ОТБ президенти Масато Канда 2010 йил ҳам Тошкент йиллик анжуманга мезбонлик қилганини эслатди:
– Бош вазир ўринбосари такидлаганидек, Самарқанд доимий аҳоли яшайдиган энг қадимий шаҳарлардан бири. Биз ушбу учрашувга алоҳида иштиёқ билан тайёргарлик кўряпмиз. Самарқанд инсоният келажагини яхшилаш йўлидаги ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш учун энг қулай жой.


Муҳаррама Пирматова, ЎзА