Сутни қайта ишловчи корхоналарни ташкил этиш учун 250 минг долларгача имтиёзли кредитлар ажратилади

Президентнинг тегишли қарори билан «Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш (2-босқич)» лойиҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қарорга асосан, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида жами 320 та маҳаллага, сут етиштирувчи 12 мингта аҳоли ва деҳқон хўжалигига хизмат кўрсатувчи 100 та сут йиғиш пункти ташкил этилади.
Шунингдек, 865 нафар аҳоли ва деҳқон хўжалигига сутни қайта ишловчи корхоналарни ташкил этиш ва модернизация қилиш учун 250 минг АҚШ долларигача имтиёзли кредитлар ажратилади.
Бундан ташқари, сут етиштирувчи ва сотиб олувчиларни бирлаштирадиган Миллий сут маҳсулотлари платформаси дастурий таъминотини ишга тушириш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоиз, лойиҳани амалга ошириш даври 7 йил (2025–2031 йиллар) этиб белгиланган.