Спорт мусобақасини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларини ўтказишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда вазирлик ва ташкилот раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, тегишли идоралар мутасаддилари иштирок этди.
Ўтказилган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлаш ҳақида гапириб, мамлакатимизда биринчи марта ўтказилаётган «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаси ёшларимизнинг ўз маҳоратларини намойиш этишида муҳим ўрин тутишига алоҳида тўхталди.
Йиғилишда асосан республикамиз ҳудудларида мусобақаларни ўтказишга тайёргарлик даражаси, «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақасини Қорақалпоғистон Республикасида босқичма-босқич ташкил этиш ва республика финал босқичига тайёргарлик кўриш, мусобақани ўтказиш тартиби, спорт инвентарлари билан таъминланиши, спортчиларни тайёрлаш тизими, мусобақаларда республикамиз спортчиларининг муносиб иштирок этиши ва амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар ҳар томонлама кўриб чиқилиб, бу бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақалари 15-17 ёшлилар ўртасида спортнинг таэквондо WТ, дзюдо, эркин кураш, юнон-рум кураши, енгил атлетика, стол тенниси, оғир атлетика, бадиий гимнастика ва баскетбол 3х3 турларидан 3 босқичда бўлиб ўтади.
Мусобақанинг вилоят ва Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари йил якунида Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида 3-босқич сифатида ўтказиладиган «Президент олимпиадаси» спорт мусобақаларида иштирок этади ва спорт мусобақалари ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, биринчи ва иккинчи ўринни қўлга киритган спортчилар Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қабул қилинади.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси