Мўл ҳосил учун агротехник тадбирларга катта аҳамият қаратилмоқда

365

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 мартдаги «Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарорнинг 10-бандига мувофиқ, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилган. Яъни, улар биргаликда деҳқон хўжаликлари учун ажратилган ер майдонларида ҳудудлар эҳтиёжи учун зарур бўлган ва экспортбоп экинлар, жумладан, полиз экинлари, дуккакли, мойли ва картошка экинларини интенсив усулда экишга алоҳида эътибор қаратиши, тайёрлаши, қайта ишлаши ва экспорт қилувчи корхоналарни жалб қилган ҳолда етиштирилган тайёр маҳсулотни харид қилиши, уни қайта ишлаши, сақлаши, ички ва ташқи бозорга чиқариши бўйича ишларни ташкиллаштириш вазифалари белгиланган.

Мазкур қарор ва тегишли топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Нукус тумани бўлими томонидан кластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг далаларида зараркунанда ва касалликларга қарши доимий равишда мониторинг ўтказиб келинмоқда.



– Статистик маълумотларга кўра, зараркунандаларга қарши самарали агротехник кураш чоралари олиб борилмаса, бутун дунёда қишлоқ хўжалигида етиштирилган маҳсулотларнинг 20 фоиздан 40 фоизгача миқдори ўсимлик зараркунандалари оқибатида зарарланиши ва яроқсиз ҳолга келиши мумкин экан. Шунинг учун, қишлоқ хўжалигида сифатли, фитосанитар тоза, зарарланмаган экинларни етиштириш, ўсимлик зараркунандалари ва касалликларига қарши барқарор курашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб ҳисобланади, – дейди Фитосанитар назорат ва мониторинг бўлими бошлиғи Айдос Елмуратов.

Бу йилги мавсумда республикамизда ғалла етиштириш учун жуда қулай об-ҳаво кузатилди. Бундан унумли фойдаланган ҳар бир фермер ва кластер ўз олдига ғалладан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришни мақсад қилган. Ижобий натижага эришиш учун, албатта, ғалла парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳамда мавжуд ресурслар, минерал ва маҳаллий ўғитлар ҳамда сувдан унумли фойдаланиш керак бўлади.

Шунингдек, апрель-май ойларида бегона ўтлар, касалликлар ва зараркунандалар ғалла майдонларини зарарлашини ҳисобга олиб, уларга қарши курашиш чораларини кўриш ва доимий назорат қилиш талаб этилади. Акс ҳолда бу чораларнинг кечиктирилиши етиштирилаётган дон сифати ва ҳосилдорлигининг кескин пасайишига олиб келади.

Ғалла майдонларида сариқ ва қўнғир занг ва бошқа касалликлар, бир йиллик икки паллали, кўп йиллик икки паллали бегона ўтлар, бошоқли бегона ўтлар, зарарли хасва, шира, трипс ва бошқа зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш ҳамда зарарли организмлар кузатиладиган майдонларда уларга қарши зарур курашиш тадбирларини ташкил этиш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан эълон қилинган «Долзарб 40 кунлик» тадбирининг ижросини таъминлаш мақсадида республикадаги ғалла майдонларида зараркунанда ва касалликларга қарши доимий равишда мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда.

Шу кунга қадар республикамиз бўйлаб ғалла майдонларида агротехник тадбирларни, озиқлантириш, суспензия, ўғит солиш ва кимёвий ишлов бериш тадбирларини ўз вақтида сифатли ўтказишга бағишланган 36 та ўқув семинари ўтказилган. Жойларда бу борадаги чора-тадбирлар давом этмоқда.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги