
Демократик жамиятда сайловчилар ўз вакиллари билан учрашиш, фаолиятини кузатиш ва баҳолаш ҳуқуқига эга бўлиб, бу жараён нафақат депутатнинг масъулиятини оширади, балки сайловчилар билан очиқ ва самарали мулоқотни таъминлаб, билдирилган ишончни тўла оқлаш йўлида ўз фаолиятини таҳлил қилиш имконини беради.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Баҳодиржон Сидиқовнинг қўнғиротлик сайловчилар билан учрашуви ҳам анча қизғин ва самарали кечди.

51-Қоратол сайлов округи жойлашган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг масъуллари ва сайловчилар, шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари, жамоатчилик фаоллари, нуронийлар иштирок этган тадбирда депутат Баҳодиржон Сидиқов қонунчиликдаги ислоҳотлар, қабул қилинаётган янги қонунларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида юртимизда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар бўйича маълумот бериб, маҳалла аҳлини қийнаётган муаммоларни тинглади.
Кўп йиллардан буён эътибордан четда қолиб келаётган ички кўчаларга асфальт ётқизиш, эскирган симёғочларни янгисига алмаштириш, трансформатор ўрнатиш, томорқаларни суғориш ва эскирган сув қувурларини янгисига алмаштириш масалалари, шунингдек, Қипчоқ маҳалласидаги 24-сонли умумтаълим мактабига замонавий спорт зали ва ошхона қуриб бериш бўйича мурожаатларнинг ечими ўрганилди. Шу билан бирга, ҳудуддаги маҳаллаларнинг кўчалари, йўлаклари ва улардаги ёритиш тизимларида аниқланган камчиликлар бўйича сайловчиларнинг мурожаатлари тегишли тартибда кўрилган амалий чоралар натижасида изчиллик билан бартараф этиладиган бўлди.

Учрашув давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарларига топшириқ берилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.
Маҳалла раислари ва сайловчилар халқ вакилининг фаолиятини ижобий баҳолаб, унинг келгуси ишларида муваффақиятлар тилади. Депутат сайловчилар ишончини оқлаб, халқни рози қилишга қаратилган амалий ишлари туфайли мана шундай эътирофга сазовор бўлди.
Довуд Абибуллев, ЎзА мухбири