Нукус шаҳрида «Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили доирасида “Eco-Save Aral-2025”, “Талаба югур”, “Ўқувчи югур”, “Ҳарбий югур” ва “Инсон учун” шиорлари остида халқаро хайрия ҳамда экологик оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди.

Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, югуриш спортини оммалаштириш, экологик муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган марафон 5000 нафардан ортиқ юртдошимиз, хусусан, ёшу кексани бир жойда бирлаштирди. Эътиборлиси, “Инсон учун” марафони доирасида 250 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахс 1 километр масофага югуриб, ўз шижоатларини синовдан ўтказишди. Улар орасида Нукус “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган аёллар интернат уйи тарбияланувчилари ҳам юқори натижалар қайд этиб, тадбир совриндорларига айланишди.

Ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар диплом, медаль, пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Шунингдек, мусобақада фаол иштирок этган божхона ходимлари ва бошқа иштирокчилар ҳам турли номинациялар бўйича рағбатлантирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири