Шарафли касб эгалари тақдирланди

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли 2-сонли оилавий поликлиникада ЎзЛиДеП туман Кенгаши томонидан халқаро ҳамширалар куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Унда партия вакиллари туман тиббиёт бирлашмасида меҳнат қилаётган барча ҳамширалар ва тиббиёт ходимларини байрам билан самимий қутлади. Шу билан бирга партия дастурий мақсад ва вазифаларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиб, партия мавқейини юксалтиришга катта ҳисса қўшаётган ҳамшираларнинг машаққатли меҳнати алоҳида эътироф этилди.

– Ҳамширалик – катта масъулият, юксак инсонпарварлик ва муҳаббат талаб этадиган шарафли касб. Аҳолининг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлаётган ушбу касб эгаларининг инсон саломатлиги йўлида қилаётган фидокорона хизмати, беморлар қалбига умид, кўнглига таскин бағишлаётган меҳри чинакам эътирофга лойиқ. Бугун улар орасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ғояларини қўллаб-қувватлаб, фаол фуқаролик позицияси билан ажралиб турган ҳамкасбларимиз сафи кенгайиб бораётгани қувонарлидир, – дейди ЎзЛиДеП Беруний тумани аппарат раҳбари Раҳима Юлдашева.

Беморларни нафақат дори-дармон, балки меҳр ва ширин сўзи билан  даволаётган касб эгаларига сана муносабати билан фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.