Депутат тадбиркорлар ва “маҳалла еттилиги” билан учрашди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Аҳмед Реймов ўзи сайланган 5-сонли “Қўскўл” сайлов округига қарашли маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва “маҳалла еттилиги” билан учрашув ўтказди.

Учрашувнинг асосий мақсади сўнгги йилларда мамлакатимизда, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ташаббусларни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат бўлди.

Тадбир давомида депутат А.Реймов давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори натижасида сўнгги йилларда 15 дан ортиқ муҳим фармон ва қарор қабул қилинганини таъкидлади. Ушбу меъёрий-норматив ҳужжатлар орқали ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва, энг муҳими, маҳаллий тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.

Депутат ушбу ҳужжатларда тадбиркорлар учун яратилган кенг имкониятлар: солиқ имтиёзлари, кредит ресурсларига қулай шартларда кириш, ер ажратиш тартибининг соддалаштирилиши, давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳалар ташаббусини илгари суриш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратди. Учрашув давомида А.Реймов иштирокчиларга ҳар бир қарор ва фармоннинг асосий бандларини тушунтириб, амалда қандай қўлланилиши бўйича маълумотлар берди.

Ўз навбатида тадбиркорлар мавжуд имкониятлар ва улардан қандай фойдаланиш бўйича ўз фикрларини билдиришди. “Маҳалла еттилиги” вакиллари эса ҳудудда ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий муаммоларга тезкор ечим топишда депутатлар билан ҳамкорликда ишлаш муҳимлигини таъкидлашди.

Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда билдирилган ҳар бир таклиф ва мурожаат депутат томонидан эътиборга олиниб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этилиши юзасидан чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири