БМТ Туризм Европа комиссияси таркибига Европа, Марказий ва Ғарбий Осиёнинг 41 та давлати киради. Комиссия Европа минтақасидаги туризм сиёсатини шакллантириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ва инклюзив туризмни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.

4–6-июнь кунлари Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида 2025–2027-йилларда БМТ Туризм Европа комиссиясига раис сайлови ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур нуфузли лавозимга Ўзбекистон илк бор ўз номзодини илгари сурмоқда. Бу ташаббус мамлакатимизнинг халқаро туризм ташкилотлари доирасидаги фаоллиги ва юксак ишончга сазовор бўлаётганининг яққол ифодасидир.

Лавозимни эгаллаш орқали Ўзбекистон Марказий Осиёни ягона туризм макони сифатида тарғиб қилиш, трансчегаравий маршрутларни ривожлантириш, рақамли ечимларни кенг жорий этиш, шунингдек, БМТ Туризм ташкилоти доирасида минтақавий мулоқотни кучайтиришга қаратилган янги ташаббусларни илгари суришни режалаштирмоқда.

Зиёвуддин НУРИДДИНОВ, Ёқубжон МEЛИБОЕВ, Анвархўжа АҲМEДОВ (видео), ЎзА