Олий Мажлис ва Жогорку Кенеш ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси ўринбосари Нурланбек Азигалиев бошчилигидаги делегация Сенатга ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва уни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Парламентлараро ҳамкорлик икки дўст давлат ўртасидаги барқарор сиёсий мулоқотнинг энг муҳим жиҳатларидан бири экани таъкидланди.
Олий даражадаги ташрифлар ҳамда халқаро парламент форумлари доирасида кенгайиб бораётган икки томонлама алоқаларнинг изчил суръати мамнуният билан қайд этилди.

Парламентлараро комиссия йиғилишларини ҳудудларда ўтказишнинг ижобий амалиётига алоҳида эътибор қаратилди. Томонларнинг фикрича, бу ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ўз навбатида, бу парламент аъзолари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот учун самарали майдон бўлмоқда.
Мулоқот чоғида парламентлараро комиссия фаолияти доирасида Самарқандда ўтказилган биринчи Ўзбекистон – Қирғизистон туризм форуми икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришда навбатдаги қадам бўлгани қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар халқаро парламент тузилмалари доирасида ҳамкорликни кенгайтириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва минтақанинг барқарор ривожланишини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлади.
Н.Абдураимова, ЎзА