Хитой фан ва технологиялар соҳасидаги ютуқларини яна бир бор намоён этди: 2025 йил 11 май куни мамлакат орбитага электромагнит кузатувга мўлжалланган учта замонавий сунъий йўлдошни муваффақиятли учирди.

«Чанчжен-6А» (CЗ-6А) номли модификацияланган уч поғонали ракета Шанси провинциясидаги Тайюан космодромидан учирилган. У орбитага «Яоган-40-02» сунъий йўлдошлари тўпламини олиб чиқди. Хитой расмийларига кўра, бу қурилмалар ернинг электромагнит майдонини кузатиш, ионосфера ҳодисаларини ўрганиш ва илғор технологияларни синовдан ўтказиш учун хизмат қилади.

Сунъий йўлдошлар орбитада коинот об-ҳавосини прогноз қилиш, радиоалоқа ва ГПС тизимларига салбий таъсир кўрсатадиган ионосферадаги бузилишларни аниқлаш, ер ости фойдали қазилмаларини қидириш ҳамда зилзилаларни эрта аниқлаш тизимларида муҳим роль ўйнаши кутилмоқда.

50 метрлик узунликка эга «Чанчжен-6А» ракетаси экологик тоза ёқилғида — керосин ва суюқ кислород аралашмасида ишлайди. Унинг юк кўтариш қуввати 6,5 тоннагача етади ва у сунъий йўлдошларни 500 км баландликдаги орбитага олиб чиқишга қодир.

Бу Хитойнинг нафақат илмий-тадқиқот салоҳиятини, балки коинот соҳасидаги амбицияларини ҳам яққол кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда Пекин космосни чуқур ўрганиш ва ундан амалий фойда олишга доир лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.

Мадинабону Насриева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА