Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов ўзига бириктирилган қизил тоифадаги ишсиз ёшлар билан учрашди.
Унда ёшлар сиёсатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, имкониятлар, шунингдек, Президентимиз томонидан шу йилнинг 14 февраль куни ёшлар масаласи бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш жараёнида амалга оширилиши режалаштирилган туб бурилишлар ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда оталиққа олинган 20 нафар ёшнинг бандлиги масаласида ҳар бири билан яқиндан суҳбатлашиб, уларнинг қизиқиши ва мутахассислигига кўра ишга жойлаштириш масаласида фикрлари тингланди. Улар тегишли масъулларга бириктирилиб, бандлигини таъминлаш бўйича маълум муддат белгилаб олинди.

***
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси раҳбарлигида Бўзатов туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказилган мажлисда ҳудудда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасини тез фурсатда ишга тушириш бўйича масъулларга топшириқ берилган эди.
Қисқа вақт ичида ушбу ташаббус бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди ва синов тариқасида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси фаолияти йўлга қўйилди. Тез орада шохобча тўлиқ қувватда иш олиб боради.
Чекка туманлардан бири бўлган Бўзатовда илгари автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси йўқ эди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида шохобча фаолиятини йўлга қўйиш учун тўғридан-тўғри ер майдони ажратилди ва янги тадбиркорлик субъекти иш бошлади.

***
Тахтакўпир тумани ҳокимлиги ва туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокимлиги мутасаддилари, тегишли соҳа раҳбарлари, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар, хотин-қизлар ва ташқи миграцияда ишлаш истагида бўлган фуқаролар иштирок этди.
Ярмаркада 24 нафар фуқаро рўйхатга олиниб, улардан 9 нафарига туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Шунингдек, 2 нафар фуқаро касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларига юборилди. Қолган 13 нафарига эса меҳнат қонунчилиги ва ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳат берилди.

***
Кегейлидаги 14-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида волейбол бўйича Ички ишлар вазири кубогининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Унда маҳаллалардан 16-21, 22-30 ёш тоифасидаги ўғил ва қиз болалардан ташкил топган жамоалар иштирок этиб, ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Мусобақа якунида ғолибларга диплом ҳамда спорт формалари топширилди. Ҳар бир ёш тоифаси бўйича ғолиб жамоаларга Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.