Яшил фикр, барқарор келажак

Қишлоқ хўжалиги деганда кўпчиликнинг кўз олдига ғаллазор, қирларда ўтлаб юрган чорва моллари, ғарқ пишган мевали боғлар, қуёш тафтида меҳнат қилиб, юзлари қорайган деҳқонлар келади. Эндиликда замонавий технологиялар ва инновацион ёндашувлар ҳаётимизга кириб келмоқда. Айниқса, экологик тоза технологиялар, рақамлаштириш жараёнлари, «яшил” иқтисодиёт ва фермерликни янада барқарор замонавий ташаббуслари бу таассуротларни ўзгартирмоқда.
Байрам Калиев Самарқанд давлат вeтeринария медицинаси чорвачилик ва биотeхнологиялар унивeрситeти Нукус филиали 4-босқич талабаси. У катта оилада, беш фарзанднинг учинчиси бўлиб вояга етди. Онаси — ошпаз, отаси эса шофёрлик касби ортидан фарзандларини меҳнатсевар, изланувчанг, ташаббускор ва сабрли қилиб тарбиялади.
Қишлоқнинг бошқа болалари каби Байрам ҳам мактаб даврида фермерликка, тадбиркорликка қизиқди. Кенг далалар, ер ҳиди, ерда меҳнат қилиш ва ҳосил олиш — ҳаётининг мазмуни эди. Вақт ўтиб, улғайгани сари, қўй, эчки, туя, қорамол… нафақат озуқа манбаи, балки барқарорлик рамзи эканини тушунди. Улардан олинадиган гўшт, сут, жўн, тери каби маҳсулотлар ҳар бир оиланинг фаровонлик манбаи эканини англаб етди.
Мактабни тамомлаб, вeтeринария йўналишида таълим олишга қарор қилди. Байрам ва унинг курсдошлари ўтган йили Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган “Ёшлар ва инновацион қишлоқ хўжалиги” танловида ғолиб бўлди. Мукофот Берлинда ўтказиладиган “Яшил ҳафта” халқаро кўргазмасига йўлланма бўлди.
–80 дан ортиқ давлат иштирок этган тадбирда “яшил” иқтисодиёт сўзининг маъносини янада аниқ кўрдим, – дейди Байрам. — Кўргазмада табиат ва инсон ўртасидаги мувозанатни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ва ер ресурсларини тежаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ғояси мужассам эди. Эътиборли жиҳати — келгуси 100 йилда дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган йирик стратегиялар билан танишдик. Хусусан, дунёда қуён гўштига бўлган қизиқиш ва талаб йиллик 25 фоизгача ўсиб бораётгани менга янги ғоя берди.
Берлинддан қайтгач, Байрам маҳаллий шароитга мос, иқтисодий ва экологик жиҳатдан самарали бўлган қуёнчилик лойиҳасини ишлаб чиқди. Қуён гўшти — парҳезбоп, енгил ҳазм бўладиган, юрак-томир тизимига фойдали ва иммунитетни мустаҳкамловчи маҳсулот сифатида кекса ва болалар учун айни муддао. Қуёнлар кам озуқа талаб қилади, тез кўпаяди — йилига 5-6 марта туғиб, ҳар гал 10-12 та бола беради. Агар ҳар бир хонадон қуён парвариши билан шуғулланса, бу нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки ёшлар бандлиги ва даромад манбаи ҳам бўлиши мумкин.
Байрам яқинда ёшлар ўртасида ўтказилган яна бир танловда “SmartFarm” лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолиб бўлди. Бу бир қарашда оддий, аслида эса замонавий фермерликни тубдан ўзгартирувчи ғоя. Лойиҳада чорвачиликни рақамлаштириш, яъни ҳайвонларни идентификация қилиш ва GPS-чиплар орқали онлайн кузатиш орқали ҳар бир хўжаликнинг ҳисоб-китобли ва тизимли ишлашини таъминлайди Бу лойиҳа кўмагида йўқолган ҳайвонларни излаш, эпизоотик касалликлар юзага келганда чипли ҳайвонларни тез аниқлаб, экологик хавфсизлигини таъминлаш осонлашади. Шунингдек, ҳаёт циклини мониторинг қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш, исрофгарчиликни камайтиришга хизмат қилади.
Ёш тадбиркор янги-янги ғоялар устида ишлар экан, фақат иқтисодий манфаат эмас яшаш ҳудудидаги экологик ҳолатга ҳам эътибор қаратмоқда. Қорақалпоғистон шароитида туя — иқлимга мос, озуққа тежовчи, юқори маҳсулдорлиги билан стратегик аҳамиятга эга. Қурғоқчиликка чидамли туялар парваришлаш эса нафақат иқтисодий, балки экологик самара беради. Шу сабабли ёш тадбиркор саҳрода туялар парваришини экологик барқарорликдаги ўрни мавзусида илмий изланишлар олиб бормоқда. Бу борадаги билимларини чуқурлаштириб, келажакда туя парваришлашни замонавий ва самарали усулларини топиш билан саҳро барқарорлигини сақлашни ният қилмоқда.
Қайд этиш керакки, ҳозирги глобал муаммолар — иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, ер ва сув ресурсларининг танқислиги дунё мамлакатларини яшил иқтисодиётга ўтишга мажбур этмоқда. Бу жараёнда эса қишлоқ хўжалиги — барқарор ривожланишнинг энг муҳим соҳаси сифатида намоён бўлмоқда.
Туялар парвариши, экологик барқарорлик нуқтаи назаридан жуда муҳим. Айниқса, чўл ва ярим чўл ҳудудларга эга Қорақалпоғистон, Қозоғистон ва Туркманистон каби минтақалар учун туя парвариши нафақат самарали, балки экологик барқарор ечим сифатида ҳам қаралади.
Байрам Калиев ўз лойиҳаларида инновациялар ва технологик ишланмаларни аграр тармоққа жорий этишга интилмоқда.
–Кўпчилик технологияни шаҳар билан боғлайди, –дейди Байрам.– Мен эса инновация – далада ҳам иш беришини, бунда эса ёшлар асосий куч эканини исботламоқчиман. Агар имконият берилса, экологияни сақлаб қолиш ва иқтисодиётни ривожлантириш иложи бор. Энг катта орзум – юртимда ҳар бир фермер “ақлли хўжалик” юритсин. Ҳар бир қишлоқ ёшлари ўз лойиҳаси билан вилоят, мамлакат ва ҳатто дунё миқёсида муваффақият қозонсин.
Ҳозирда иқлим ўзгариши, сув ва ер ресурсларининг танқислиги, аҳоли сони ортиши ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари бутун дунёда, хусусан Марказий Осиёда ҳам барқарор ривожланиш ҳақида жиддий ўйлашни талаб қилмоқда. Бу мураккаб шароитда эса қишлоқ хўжалиги соҳаси нафақат аҳолини озиқ-овқат билан таъминлайди, балки иқтисодий ўсиш, бандликни таъминлаш ва экологик барқарорликни сақлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Марказий Осиё келажаги — илмли, замонавий фикрлайдиган ва экологик онгга эга ёшлар қўлида. Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, биотехнологиялар ва ресурс тежайдиган моделларни амалиётга жорий этиш орқали минтақада иқтисодий самарадорликка эришиш билан бирга, табиатни асраш, иқлимга мослашиш ва келажак авлодга барқарор муҳит қолдириш мумкин.
Сайёра Шоева, журналист