АҚШ ва ХХР келишув сари қадам ташлади

Швейцарияда ўтказилган Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги савдо музокаралари муваффақиятли якунланди. Бу ҳақда “BBC” нашри ёзмоқда.
Ушбу мулоқотни АҚШ молия вазири Скотт Бессент “самарали ва конструктив” деб таърифлаган бўлса, ХХР Бош вазири ўринбосари Хе Лифенг барчаси “пухта” ва “самимий” ўтганига эътибор қаратди.

Дональд Трамп жорий йил январь ойида Пекинга нисбатан кескин тарифлар жорий қилганидан бери томонлар илк марта дам олиш кунларини ёпиқ эшиклар ортида муҳокамаларга сарф этди.
Жаҳон Савдо Ташкилоти бош инспектори Нгози Оконжо-Ивеала ушбу музокараларни “олдинга муҳим қадам” деб атади.
– Мен ҳар икки давлатни кескинликни юмшатиш имкониятини тиклаш ва кўп томонлама савдо тизимига ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи амалий ечимларни ишлаб чиқишда давом этишга чақираман, – деди Нгози ўз баёнотида.
Мусулмон Зиё, ЎзА