Таълим йўналиши янги босқичга кўтарилмоқда

336

Нукус шаҳрида халқаро таълим ва илмий ҳамкорлик йўналишида муҳим учрашув бўлиб ўтди. One Cloud академиясининг хитойлик профессори Су Юҳанг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига ташриф буюриб, университет ректори, академик А.Реймов билан учрашди, – деп маълумот беради ҚДУ Матбуот хизмати.

Учрашув чоғида икки томон ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди. Илмий изланишлар, инновацион лойиҳалар, таълим жараёнига илғор технологияларни жорий этиш – буларнинг барчаси учрашув кун тартибидан ўрин олди. Профессор Су Юханг ва университет ректори, академик А.Реймов халқаро ҳамкорлик истиқболлари, айниқса, ёшлар учун яратиладиган имкониятлар ҳақида фикр алмашди.

Ушбу учрашувдан сўнг эса, Қорақалпоқ давлат университети ректори  Хитойнинг Dong Win Vocational College вакиллари билан онлайн тарзда мулоқот олиб борди. Мазкур суҳбат давомида хитойлик ҳамкорлар ўзларининг таълим тизими, амалий дастурлар ва талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Улар халқаро ҳамкорлик доирасида олиб борилаётган лойиҳалар ва илмий тадқиқотлар билан ҳам таништирди.

Томонлар келгусида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма тадқиқотлар ва инновацион амалий лойиҳаларни йўлга қўйишга келишиб олдилар. Бундай ташаббуслар, шубҳасиз, нафақат икки олийгоҳ, балки Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги таълим алоқаларини янги босқичга олиб чиқади.

Шу орқали икки мамлакат ёшлари замонавий билимлар, илғор технологиялар ва глобал тажрибаларни ўзлаштириш имкониятига эга бўлади. Халқаро ҳамкорлик эса, таълим сифатини ошириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш йўлида муҳим воситага айланмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги