Афғонистон ва Ўзбекистон хусусий секторлари вакиллари учрашди

Афғонистонга ташрифнинг биринчи кунида Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги делегация аъзолари озиқ-овқат ва фармацевтика соҳаларини тартибга солувчи масъул идоралар вакиллари билан учрашди.
Суҳбат чоғида афғон томони республикамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг маҳаллий бозорга импорти жараёнида риоя этилиши лозим бўлган талаб, мезонлар, хорижлик ишбилармонларга яратилган имконият, қулай шарт-шароит ҳақида батафсил маълумот берди. Вакилларимиз Кобулда Ўзбекистон маҳсулотлари учун ташкил этилган Савдо уйига маҳсулот жойлаштириш, савдо расталарида намойиш ташкил этиш ва сотувга тайёрланиш жараёнида фаол иштирок этди.
Ушбу ҳамкорлик миссияси икки қўшни давлат бизнес субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри савдо алоқасини йўлга қўйиш, миллий экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.


Хусусий секторлар иштирокида кечган “Бизнес ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзусидаги учрашувда қатнашган 200 га яқин тадбиркор орасида 40 дан зиёд қурилиш материаллари, 21 электротехника, 16 озиқ-овқат саноати ва 12 нафар тўқимачилик ва бошқа соҳа вакиллари – жами 100 дан кўп ўзбекистонлик тадбиркор бор эди.


– Бизнес-мулоқотлар қизғин ўтди, – деди Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раиси Ёрқин Маликов. – B2B учрашуви давомида томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорлик йўллари, жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, қурилиш материаллари савдоси, логистика ва транспорт соҳаларида шерикликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди. Тадбир якунида қатор истиқболли ташаббуслар бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Ишбилармонлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиб, савдо ва сармоя лойиҳаларини амалга ошириш учун ишчи гуруҳлар ташкил этиш фикри маъқулланди.


Бундай тадбирлар ҳар икки мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланиб, шерикликда изчилликка эришиш зарурлиги қайд этилди.
М.Пирматова, ЎзА